1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳаётимиз ҳадисларга муҳтож

13-10-2023, 12:17 285 Ўқиш режими + -


عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينَ وَ اِنَّمَا اَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الاٌمَّةُ قَائِمَةً عَلَى اَمْرُ اللهِ لاَ يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى ياْتِيَ اَمْرُ اللهِ.     رَوَاهُ الاَرْبَعَةُ.

 

 Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
     Пайғамбаримиз ﷺ:  
     “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида  қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар.  
Тўртовлари ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз ﷺ: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, демоқдалар. 
Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз ﷺ гапларининг давомида: 
“Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради”, демоқдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади. 
Пайғамбаримиз ﷺ  ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот ﷺ мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб: 
“Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар. 
Бу дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳни амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари ва баъзан кўплари Аллоҳни амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳни амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар. 
Бу башорат Пайғамбаримиз ﷺнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. 1400 йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз ﷺнинг ушбу башаротларини тасдиқлаб келмоқда. 
Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради. 
Пайғамбаримиз ﷺнинг башоратлари ҳақ:
 “Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”
  Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз: 
  1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб. 
  2. Исломда фақиҳ бўлишлик -Аллоҳнинг  яхшилиги экани. 
  3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши. 
  4. Ислом умматига биров зарар етказа олмаслиги.
Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига қанчалар муҳтожмиз. 
Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушинишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.
 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Алимардон Кароматов