Маълумки, мамлакатимизда 21-октябрь Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида байрам қилинади.
Тил – давлат тимсоли, мулки, руҳи, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир.
Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига - Давлат тили мақоми берилди.
“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддаси билан 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни Ўзбек тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.