Ҳаж қилиш Ислом динининг рукнларидан биридир. Ҳаж амалининг фарзларидан бири ҳажни ният қилиб эҳромга киришдир. Ният қилиб эҳромга кириш жойлар мийқот дейилади. Эҳромга кириш мумкин бўлган мийқотлар қуйидагичадир:
1.Зулҳулайфа (Мадиналиклар мийқоти);
2. Зоти ирқ (Ироқликларнинг мийқоти);
3. Жуҳфа (Шомликлар мийқоти);
4. Қоран (Қорнул манозил) (Наждликларнинг мийқоти);
5. Яламлам (Яманликларнинг мийқоти).
Ислом шариатида мийқотда тўхтаб, икки ракаат намоз ўқиш мустаҳаб амал ҳисобланади. Ўзбекистондан борган ҳожилар Зулҳулайфа мийқотида тўхтаб, эҳромга кирадилар.
Мабодо Мадинадаги меҳмонхонадан ғусл қилиб, эҳром боғлаб, Маккага йўлга чиқсада, аммо Зул Ҳулайфада тўхтамай ўтиб кетиб кетилса, нима қилинади?
Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Фатво маркази томонидан қуйидагича жавоб берилади: “Эҳромнинг шартларидан бири ният қилиш ва талбия айтишдир. Мийқотда тўхтаб икки ракат намоз ўқиб олиш мустаҳаб саналади, эҳромнинг шартларидан эмас. Агар зиёратчилар мийқотга тўхтамаган бўлсада, ният қилиб талбия айтган бўлсалар, ҳеч қандай жиноят бўлмайди. Бироқ ният ҳам қилинмаган, талбия ҳам айтилмаган бўлса, эҳром боғланмаган бўлиб, яқинроқ мийқотга чиқиб, қайтадан эҳром боғлаб, ният ва талбия айтишлари лозим бўлади. Шунда келган мийқотга қайтиш шарт эмас. Маккага энг яқин мийқот "Қорнул манозил" ҳисобланади. Мана шу мийқотга бориб, эҳром боғлаб келишлари мумкин. Валлоҳу аълам.”
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизнинг илмларимизни зиёда қилиб, ибодатларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Р. Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими