1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Икки улуғ неъматни қадрлайлик

26-10-2023, 11:40 275 Ўқиш режими + -
                  Дарҳақиқат,Аллоҳ таоло инсониятга беҳисоб неъматлар берган. Инсон Аллоҳ берган неъматларни санамай деса, уни санаб адоғига етолмайди. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади:
 “ Ва У сизларга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, саноғига етаолмайсиз” ( Иброҳим сураси, 34-оят). Ушбу оят тафсирида: “ Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этиб қўйган барча неъматларининг ҳисобига етиш жуда мушкул иш. Биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ ато қилган неъматлар денгизининг бир томчиси, холос. Ушбу ояти каримада У зот айтаяптики, Мен инсонларга ато қилган неъматларимни санамоқчи бўлсанглар, уларнинг ҳисобига асло етаолмайсизлар. Масалан, сиҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва шу кабилар ҳам неъматлар жумласига киради” дейилади.  Мана шу берилган неъматлар ичида соғлик ва тинчлик неъмати инсон учун энг муҳим неъматлардан ҳисобланади. Агар соғлик ва тинчлик бўлмаса инсонга ҳеч нарса тотимайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. 
Аслида, тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик инсон учун сув ва ҳаво каби зарур. Афсуски, баъзида бу икки неъматнинг қадрини билавермаймиз. Бу неъмат қадрини Аллоҳ асрасин, тинчлигини-хотиржамлигини йўқотган кишилар билишади.
          Айниқса, бутунги кунда дунёнинг турли минтақаларида уруш олови аланга олиб, одамларнинг ҳаётига тажовуз қилинмоқда. Бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлиб, уй-жойлари вайрон этилмоқда. Ислом дини одамлар ҳаётига тажовуз қилишни қоралайди. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.  Мана шундай мураккаб зиддиятли даврда тинчлик ва соғлик-хотиржамлик неъматини қанчалик қадрли эканлиги яққол кўринмоқда.
              Оқил инсон атрофга теран назар билан боқиб, ундан ибратланиб, огоҳ ва ҳушёр яшашлиги мақсадга мувофиқ бўлади. Инсон соғ-саломат, тинч-хотиржам ва кунлик таоми ҳузурида бор бўлган ҳолда тонг оттирса . унга бутун дунё жамлангандек бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ: «Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади», дедилар» . Инсоннинг ўзи, оиласи тинч-хотиржам бўлса, жамият хотиржам дегани, жамият тинч-хотиржам бўлса, мамлакат тинч-хотиржам дегандир.
              Икки улуғ неъматга шукр қилиш билан бирга, уларни авайлаб-асраш, қадрламоқ ҳаммамизнинг зиммамиздаги умумий бурч эканлиги англамоғимиз ва англатмоғимиз лозим.  
             Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни неъматларнинг қадрига етадиган ва уларга шукр қиладиган кишилардан қилиб, барчамизга, оилаларимизга, мамлакатимизга тинчлик ва хотиржамликни бардавом қилсин!
 
Р. Усмонов, 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили