Оила – жамиятнинг бошланғич таянчи. Оила тинч ва фаровон экан жамият юксалади. Зеро, оила қуришдан кўзланган энг улуғ ҳикмат инсон наслининг давомийлиги. Қуръони каримда бундай дейилади: “Оллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирди… (наҳл 72).
Фарзанд тарбиясида энг муҳим омиллардан бири эр ва хотиннинг ҳамкорлигидир. Аёл ўз табиатидан келиб чиқиб ўзига юклатилган масъулиятни адо этиш билан бирга фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Шунингдек эр ҳам ўзига юклатилган хос масъулият яъни оиласини ҳар жиҳатдан таъминлаш бирга фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Машаққат ва мусибатларни бартараф қилиш билан бирга, фарзандлар тарбиясида олоҳида аҳамият бериш лозим.
Абдуллоҳ Авлоний айтганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. “Агар фарзандга яхшилик ўргатилса у вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Донишмандлар, фарзанд тарбияси ҳақида руҳий, аҳлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким фарзандига кел, мана буни ол”! деса-ю унга ҳеч нарса бермаса, у ёлғочидир дедилар. (Имом Аҳмад).
Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Энг долзарб вазифалардан бири ҳамиша, фарзандни илмли, маърифатли, зиёли қилиб вояга етказишдан иборат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, дедилар. (Имом Аҳмад ривоят). Исломда илм олишнинг чегараси бешикдан то лаҳадгача деб белгилаган. Бас шундай экан, фарзандларга ёшликдан уларнинг ақллари кўтарадиган даражадаги илмларни ўргатиб бориш лозим. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Оллоҳнинг олдидаги ҳамда фарзандлари олдидаги ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.
Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларини эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим. Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан: кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, каттани ҳурмат кичикни иззат қилиш ва ҳоказолар. Энг муҳими болаларга жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий одобларни ҳам ўргата олиш лозим.
Бугун фарзандларимиз баҳтиёр ҳаёт кечиришмоқда. Юртбошимизнинг ёш авлоднинг бахти, келажаги учун қилинаётган ишларни таъриф қилишга тил ожиз. Анашу яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фарзандларимизни ҳар томонлама етук, билимли, доно ва жамиятга манфаати тегадиган қилиб тарбиялаш лозим.
Рустамхон Хайитов
“Нишон” жоме масжиди имом-хатиби