1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Ақида билмаган шайтона элдур”

31-10-2023, 12:09 433 Ўқиш режими + -
Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
 Ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. 
Динда ғулувга кетиш ҳам ақида борасидаги етарли билимга эга бўлмаганлик натижасидир.  Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).
Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.
Ақидани нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни тўғри бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.
Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.
Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
 
Ж. Жумаев
 – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом ноиби