XVIII асрда ҳар қандай янгиликни инкор қиладиган, тасаввуфни асло тан олмайдиган, васила яъни, восита орқали Оллоҳга мурожаат қилишни куфр, деб ҳисоблайдиган, ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилган, тарихий манбаларда “қонли даъват” номини олган оқимлар пайдо бўлган.
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Одамларнинг хайрлиси (энг яхшиси) менинг даврим (одамлари)дир, кейин уларга яқин бўлганлари, сўнгра уларга яқин бўлганларидир”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги “менинг даврим (одамлари)дир”дан мурод саҳобаи киромлар, “кейин уларга яқин бўлганлар”дан мурод тобеинлар ва “сўнгра уларга яқин бўлганлар”дан мурод эса табаа тобеинлардир.
Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар.
Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар – да, хорижийлар, мўътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар.
Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Ушбу оқимнинг кейинги даврдаги энг кўзга кўринган вакиллари Муҳаммад Носируддин Албоний, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, Яъқуб ал– Боҳисийн ва ҳоказолардир.
Ислом динидаги тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашган дин арбоблари салафийлик йўналишига қарши турадилар.
Ибн Таймиянинг жумҳур уламоларининг қарашлари ва фатволарига мухолиф қарашлари ва фатволари аллома Тожуддин Субукий (ваф: 771 ҳиж), Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф: 852 ҳиж), Ибн Шокир Кутубий (ваф: 764 ҳиж), Ибн Ҳажар Ҳайтамий (ваф: 973 ҳиж), Мулло Али Қорий (ваф: 1016 ҳиж), Шайх Маҳмуд Кавсарий Мисрий (ваф: 1371 ҳиж), Набҳоний (ваф: 1265 ҳиж), Абу Бакр Ҳисний Димашқий (ваф: 829 ҳиж), Муҳаммад Ҳумайд Ҳанафий сингари унга қарши раддия китоблар ёзган ислом уламолари тарафидан кескин танқидларга учради.
“Ҳозирги кунда, — деб ёзади исломшунос олим Айдарбек Тулепов,- сохта салафийликка мансуб деб ҳисобланадиган юздан ортиқ ташкилот фаолият олиб бормоқда”.
Исломнинг буюк алломаларидан Муҳаммад Закий Иброҳимнинг айтишича: “Зеро, қаерда террористни кўрсангиз, экстремист ёки бузғунчини, фитначи, мусулмонлар ўртасига тафриқа солгувчини кўрсангиз, албатта у “сохта салафийлик”ка мансуб бўлиб чиқади. “Сохта салафийлик” мактабларини битириб чиққан, унинг хоҳишларига қул бўлган, мусулмонларнинг қонларини тўкишни ҳалол санайдиганлар, бояқиш тавҳиднинг ва бўҳтонга учраган суннатнинг номи билан мусулмонларнинг жамоаларини парчалайдиган кимсалардан бўлиб чиқади”.
Ж. ЖумаевҚарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом ноиби