1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аллоҳ исроф қилувчиларни севмагай!

31-10-2023, 19:40 440 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратди ва уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб, ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ҳам ато этиб қўйдики, уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат этади:
وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ الإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир” (Иброҳим сураси, 34-оят).
    Аллоҳ бандаларига улар сўраган мол-дунё, сиҳат-саломатлик, роҳат-фароҳат каби кўплаб неъматлар қаторида, яна шу неъматлар ичида оила, дея аталмиш бир неъмат борки, унда икки жинс эгаси, яъни эркак ва аёлнинг эр-хотин бўлиб биргаликда яшашлари ирода этилган. Парвардигор эркакларни оила устуни, унинг раҳбари, таъминотчиси қилиб белгилаган, аёлларга эса рўзғор тасарруфи, бола тарбияси, оила ишларини юритиш каби вазифаларни юклаган. Аллоҳ таоло бу борада шундай марҳамат этади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир (Нисо сураси, 34-оят).
Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада, Қуръони карим шундай таълим беради:
                      وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирким, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан, ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا
 “Қариндошга, мискин ва йўловчига (ҳайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26 оят).
Қурьони Карим ота-онанинг фарзанддаги ҳаққини баён қилибгина қолмай, қариндошларнинг ҳам бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор. Бу ҳақ уларга Аллоҳ томонидан берилган. Бой-бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ амрини адо этиш, Аллоҳ белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади. Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади. 
Оятнинг давомида “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг”, демоқда.
Ислом нуқтаи назарида, исрофгарчилик – ноҳақ, харом-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар инсон бору йўғини ҳақ йўлда сарф қилиб битирса ҳам, исрофга йўл қўйилган ҳисобланмайди. Аммо ноҳақ ишга, харом-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади.
Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир. (Исро сураси 27-оят)
Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди, унга шукр этмайди. Агар шукр этса, ўшани исроф қилмасди, неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди.
 Исрофчилар ношукр бўлганидан ўзларига берилган неъматини ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга маъсият ва ёмонликка сарф қилади. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир. Албатта, шайтонга биродар бўлган исрофчиларнинг бошига ҳам ўз биродарлари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг муборак ҳадисларида: “Эй умматларим, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”, дея марҳамат қиладилар.
Исроф ҳақида китобларда жуда кўп ҳаётий ҳикматлар учрайди. «Пешона тери эвазига етиштирилган ҳар қандай неъматни эҳтиёжингизга яраша истеъмол қилинг. Қорнингиз тўйдими, ортиқча еган луқмангиз ҳам исрофдир».
«Дастурхонга тўкилган бир дона нон ушоғи ҳам исрофдир».
«Маросимларда ортиқча нон-ош тортиш, ейилмай қолганини тўкиб юбориш катта исрофгарликдир».
«Кибр-ҳавога берилиб, одамлар мени мақтасин, деган мақсадда ёзилган дастурхон ҳам исрофгарликдир».
Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий исроф ҳақида шундай маънода фикр билдиради: «Исроф ўринсиз ва фойдасиз ишларга пул ва мол сарф қилишдир. Қўлда бўлган пул ва молни керакли жойларга сарф эта билиш, яхши идора қилиш учун исрофдан сақланиш лозим”.
Бу байт ҳам бежиз айтилмаган:
Сен агар исроф этишни ташладинг,
Ул замон давлат эшигин ушладинг.
Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». 
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Ҳайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай ҳайр йўқдир».        
         Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?
Кейинги вақтларда Ҳаж ва умрага бориб келувчилар орасида Ҳаж ва умра оши бериш, эҳсон қилиш, эркагу-аёллар орасида биргаликда “гап” да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.
Ҳаж ва умрага кетаётган: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин, деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж ва умра давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса, деб қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни  кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган инсонларга бериш яхши амаллардандир.
Бир илмли кишидан сўрашибди: “Ҳаж зиёрати қабул бўлганини қандай билиш мумкин?”. Илмли киши: - “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳаж зиёрати қабул бўлишига яхши гумондир”, - деб жавоб берган экан.
Шу ўринда, албатта бир ўйлаб кўрайлик, агар бир тўй қилсак унга кетадиган маблағнинг бир қисмини ўзимизнинг ҳақиқий эҳтиёжимизга, оила юмушларини енгиллаштиришга, туғилажак фарзандларимизни соғлом, аҳлоқли қилиб тарбиялашга, уларга ҳар тамонлама юксак билим беришга сарфласак оқилона иш бўлар эди. Фарзандларимизни замонавий турмуш тарзига жавоб берадиган, маънан етук ворислар қилиб вояга етказиш бу энг тўғри ва савобли ишлардандир.
 
Кўкдала тумани бош имом хатиби         А. Исмоилов