ОТА-ОНАСИНИ СЎКМАЙДИ
9858
31-10-2023, 19:42
275
Ўқиш режими
+
-
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар.
«Қандай қилиб (ўз ота-онасини) сўкади?» дейишди.
«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота-онасини сўкади», дедилар».
Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ўз ота- онасини сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб, «Киши қандай қилиб ўз ота-онасини сўкади?» деб сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг кандай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.
Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «Отангга фалон, онангга фалон», деб унинг ота-онасини сўкади.
Демак, бошка одамнинг ўз ота-онасини сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота-онасини сўккан бўлар экан ва бу иш гуноҳи кабиралардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларга атрофдагилардан, халқдан рахмат, ташаккур олиб беришга ҳаракат қилмоғи керак экан.
Фарзанд бирор ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «отанг фалон бўлсин», «онанг фалон бўлсин» каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота-онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири билан айтганда, ота-онасини сўккан, гуноҳи кабира содир қилган кишиларнинг каторида бўлар экан.
Урва ибн Иёздан хабар берилади:
«У Абдуллоҳ, ибн Амр ибн Оснинг «Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта гуноҳлардан бири - киши ота-онасига сўкиш олиб беришидир», деганини эшитган экан».
Бир киши ўз ота-онасига сўкиш келтирадиган бўлса, ана ўша одам гуноҳи кабиралардан бирини қилган бўлади. Бу аввалги ҳадиснинг бир оз бошқачароқ маънода айтилганидир. Зотан, аввалги ҳадисни ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари ривоят қилган эдилар.
Демак, фарзанд доимо ота-онасига раҳмат, ташаккур олиб берадиган бўлишга ҳаракат қилиши зарур экан. Мусулмон фарзанд зинҳор ота-онасига сўкиш, танқид келтирадиган бўлмаслиги керак экан.
Нишон тумани “Ҳазрати Усмон” жомеъ
масжиди имом хатиби Абдуллаев Илҳом