1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НЕ ЭРУР БУ ЖАҲОЛАТ?

1-11-2023, 10:39 294 Ўқиш режими + -
Бировнинг айбини ёки қусурини айтадиган бўлсак, “ақлсиз”, “тентак”, “эси йўқ” ёки дабдурустдан “ахмоқ” деб қўя қоламиз.
“Жоҳил” деган иборани камдан-кам ҳолларда тилга оламиз. Орамизда жоҳил камми? Жоҳил ким ўзи? Жоҳилликдан бесаодатроқ яна нима бор?...
Инсонлар бошига тушадиган кулфат ва зулмнинг асосий боиси жаҳолатдир. Кулфат ва зулмдан холос бўлишнинг ягона давоси эса – илм. Жаҳолат ҳомийлари инсониятнинг энг ашаддий душманлари ҳисобланади. 
Имом Ғаззолий ҳазратлари одамларни тўрт тоифага бўлганлар:
*Ғофил инсонлар ҳақ билан ботилнинг, чиройли билан хунукнинг фарқига бормайдилар. Улар фитратдан барча эътиқоддан холи. Лаззатларга ҳаддан ташқари тобе бўлиб қолганлари учун улар биронта истакларини ҳам тўла қондира олишмайди.бу тоифадаги инсон муолажани, яъни тарбияни тез қабул қилади. Фақатгина у бир муаллимга, бир муршидга муҳтож. Шунда у тез орада хулқи гўзал инсонга айланади.
**Жоҳил ва адашган инсонлар ёмоннинг нелигини биладилар, лекин яхши ишларга одатланмаганлари сабабли, қилаётган ёмон амаллари ўзларига чиройли бўлиб кўринади. Дунё истакларига қул бўлиш билан улар тўғриликдан юз ўгирган бўлсалар-да, амалларидаги қусурлардан хабардорлар. Бу тоифанинг тарбияси оғирроқ бўлгани учун уларга бир неча вазифалар юкланди. Аввало, улар бузуқликка одатланиш натижасида ичларида маҳкам ўрнашган жуда кўп иллатларни нафсларидан суғуриб олишлари шарт. Кейин яхшиликка ундайдиган сифатни қалбларига экмоқлари керак. хуллас, енг шимариб, жидду жаҳд этилса, бу тоифа тарбияси риёзат учун кенг майдондир.
*** Жоҳил, адашган, фосиқ ва ёвуз кимсалар ёмон ахлоқни яхши ахлоқ деб эътиқод қиладилар. Уларнинг наздида бу ахлоқ ҳақ ва энг гўзал. Ундаги бу қараш борган сари такомиллашади. Шунинг учун бу тоифадаги кишининг муолажаси мушкул, соғайишига деярли умид йўқ. Камдан-кам ҳолда у дардига даво топиш мумкин. Бу жиҳатларнинг барчаси залолатга кетиш имкониятини оширади.
****Жоҳил, адашган, фосиқ ва ёвуз кимсалар нафақат бузуқ қарашда такомиллашадилар, балки улар ёмонликларни кўпайтиришни фазилат деб биладилар, бу билан фахрланадилар ва “бу ишлар қадримни оширади”, деб ўйлайдилар. Бу тоифадаги кишиларнинг аҳволи оғир. Улар ҳақида шундай дейилган: “Кексани тарбияламоқ – машаққат, бўрини тарбияламоқ – уни азобламоқдир”.[1] 
Аллоҳ таолонинг “Мунофиқлар ёлғончидирлар”, деб берган гувоҳлиги рост. Мунофиқлар ишончли ваъда берган бўлишларига қарамасдан, ўз дўстларини ёрдамсиз қолдирадилар.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар билан уларнинг аҳли китоб биродарларининг ҳақиқий башараларини яна фош этаверади.
“Эй мўминлар! Албатта, уларнинг қалбларига Аллоҳдан кўра сизлар кўпроқ қўрқинчли туюласизлар. Бу, албатта, улар яхши англамайдиган қавм эканидандир” (Ҳашр сураси, 13-оят).
Ҳақиқатан, мунофиқу кофирлар Аллоҳдан кўра мўмин-мусулмонлардан кўпроқ қўрқадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзидангина қўрққанларида эди, мунофиқ ҳам, кофир ҳам бўлмас эдилар. Нима учун улар Аллоҳдан қўрқмай, бандадан қўрқадилар?
“Бу, албатта, улар яхши англамайдиган қавм эканидандир”. Чунки улар Аллоҳнинг улуғлигини тушуниб етмаганлар.
Қуръони Карим Ислом душманларининг асл башараларини фош этишда давом этади:
“Эй мўминлар! Яҳудийлар ва мунофиқлар сизларга қарши уюшиб, очиқ уруш қила олмаслар, балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортидан (уруш қилурлар). Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир. Бу, албатта, улар ақл юритмайдиган қавм эканидандир” (Ҳашр сураси, 14-оят).
Яъни, мунофиқлар ва яҳудийлар қўрқоқ бўлганлари учун, мусулмонларга қарши юзма-юз туриб уруша олмайдилар.
“Сизларга қарши уюшиб, очиқ уруш қила олмаслар...” Балки қочиб-писиб, деворлар ортидан туриб урушадилар.
“...балки қўрғон билан ўралган қишлоқларда ёки деворлар ортидан (уруш қилурлар)”. Сиртдан кўрсанг, улар иттифоқ, бирдам, ҳамкор бўлиб кўринадилар. Аслида эса қалблари тарқоқ, ораларида ихтилоф томир отган.
“Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир”.
Ушбу ҳақиқат мунофиқлар ва яҳудийларга қарши ўтган барча урушларда ўз исботини топган. Бу умумий қоида бўлиб, барча замон, барча макон ва барча миллатларга ҳам тегишлидир. Яъни аъзолари тарқоқ бўлган ҳар бир қавм ва миллат доимо мағлубиятга учрайди. Табиийки, ихтилофлар туфайли истаклар, мақсадлар, фирқалар ва шиорлар кўпаяди. Бу эса ҳар бир миллатни ҳалокатга олиб боради. Ҳар бир миллат ўз фарзандларининг бирлиги, иттифоқлиги ва мақсадларининг бирлиги туфайлигина кучли бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ояти кариманинг охирида:
“Бу, албатта, улар ақл юритмайдиган қавм эканидандир”, – дейди.
Демак, мағлубиятга олиб келадиган ихтилофлар, уруш-жанжаллар халқнинг сиёсий хомлигидан, ўзига нима фойдаю нима зарар эканини англаб етмаганидан келиб чиқади.
Бану Назир қабиласининг бошига тушган кун янгилик эмас. Балки аввал ҳам кофирлиги, осийлиги учун азобга дучор бўлганлар ўтган. Яъни:
“Бу худди улардан олдинги, яқинда ўз қилмишларининг уқубатини татиганларга ўхшашдир. Ва уларга аламли азоб бор” (Ҳашр сураси, 15-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Мадинада яшаб ўтган бошқа бир яҳудий қабиласи – Бану Қайнуқоъ воқеасига ишора қилмоқда.
Бану Қайнуқоъ воқеаси Бадр урушидан кейин бўлиб ўтган. Расулуллоҳ ﷺ у қабила билан аҳднома тузган эдилар. Бадр урушида мусулмонларнинг мушриклардан ғолиб келгани яҳудийларга ёқмади. Бу улкан ғалабага ҳасад қилдилар ва Мадинада мусулмонларнинг обрўси ортиб, ўзларининг обрўлари пасайишидан қўрқдилар. Бану Қайнуқоъ қабиласи Набий ﷺга қарши уюштираётган фитна ҳақида хабар келди. Ул зот яҳудийларга аҳдномани эслатдилар ва оқибати ёмон бўлишини таъкидладилар. Улар қўполлик билан танқид аралаш жавоб бердилар: “Эй Муҳаммад! Бизни ўз қавминг деб ўйлаяпсанми?! Урушни билмайдиган қавм устидан қозонган ғалабангдан кеккайма! Аллоҳга қасамки, биз сенга қарши урушсак, кимлигимизни кўрсатиб қўямиз!” – дейишди.
Бану Қайнуқоъ қабиласи турли фитналарни қўзғай бошлади. Бозорда бир муслима аёлни ҳақорат қилганларидан сўнг, улар билан мусулмонлар ўртасида уруш бошланди.
Набий ﷺ уларни бир муддат қамал қилиб турдилар. Охири Қайнуқоъ аҳли ўзлари билан молу мулкларини олиб, қурол-аслаҳаларини қолдириб, Мадинаи Мунавварадан Шомга кўчиб кетадиган бўлишди.
Демак, биз кўриб ўтган ояти каримада Бану Назир аҳли ҳам хиёнат, исён туфайли худди улардан аввал Бану Қайнуқоъ аҳли тушган ҳолатга тушганлари эслатилмоқда.
[2]
 
Нилуфар Ахатовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи
[1] Малик, Тоҳир. “Одамийлик мулки” – “Ҳусну хулқ” (Ахлоқ китоби). Т.: “Sharq”, 2014. - 232 б.
[2] “Тафсири Ҳилол” китобидан.