Бутун оламларни яратган Аллоҳу таолога ҳамду санолар, оламларнинг энг яхшиси ва улуғи бўлган саййидимиз Муҳаммад ﷺга раҳматлар ва саломлар бoлсин. Қиёматгача у кишига эргашувчиларга ҳам дуо ва саломлар ёғилсин.
Азиз ўқувчи! Билгинки, Аллоҳ таоло инсонни илм-у марифат билан бутун оламлардан афзал қилиб қўйди. Илм ҳақида кўп эшиткансиз, ўқигансиз. Унинг фазилати ва манфаатини яхши биласиз.
Ҳозир биз сиз билан маърифат ҳақида суҳбатлашамиз. Маърифат арабча “арафа” сўзининг ўзаги бўлиб, билмоқ ва танимоқ, яъни, билимининг тақозосига амал қилмоқ деган маънони англатади. Шунинг учун маърифат сўзи доимо илм сўзи билан бирга қўлланилади. Масалан, илм-у маърифат булоғи, илм-у маърифатли инсон, деймиз. Илм сўзидан кейин келиши эса, мантиқан, маърифат илмдан кўра буюкроқ ва хосроқ сифат эканлигини билдиради. Демак, ҳар қандай маърифатли инсон илмлик бўлади. Лекин ҳар қандай илмли инсон маърифатлик бўлавермайди. Маърифатли бўлиш учун киши ақлини доимо яхшликларга ишлатиши керак. Ўйлаб кўрингчи, киши бировни алдаб пулини тортиб олиш учун қанчалик ақлини ишлатиб ҳийла найранг қилади, оғрилик қилиш учун ақлини ишга солиб қандай режалар тузади. Ёки бугунги кундаги оммавий қирғин қуроллари, даҳшатли бомбаларни ишлаб чиқиб, уриш қўзғаб инсоният бошига балоларни ёғдираётган кишилар неча йиллаб илм изланиб ўқишлари-ю қанчалик ақлларини ишлатишларини тасаввур қила оласизми?! Ҳа, улар қанчалик илмли бўлсалар ҳам маърифатли инсонлар эмас. Улар маънавий қашшоқ, ноқис инсонлардир. Улар нафс иштаҳасига қул бўлган молпараст, дунёпараст, худбин инсонлардир.
Ривоятларда келишича, жинларнинг отаси бўлган Иблис ҳам олим бўлган. Аммо, илм тақозосини тан олмаган, маърифатли бўлмаган. Одам (а.с)га ҳасади келиб такаббурлик қилган.
“Маънавият” сўзи эса “эзгу мақсад” деган тушунчани ифодалаб, маърифатли инсонгина эзгу мақсад билан яшайди. Демак, маънавиятнинг асоси маърифатдир.
Билгинки, маърифат уч қисмдир. Киши ўзини танимоқлиги, яратган Роббисини танимоқлиги ва ўзи билан Роббиси ўртасидаги воситаларни танимоқлик. Бу уч қисм маърифат бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, бири иккинчисисиз тўғри бўлмайди. Шунинг учун барча мавжудодларнинг улуғи бўлган пайғамбаримиз ва ҳабибимиз Муҳаммад ﷺ бир ҳадисларида: “Ким ўзини таниса, Роббисини танийди” деганлар. Яъни, кимки ўзининг муҳтож эканлигини таниса, билса, барча муҳтожларнинг ҳожатларини бажариб қўядиган, лекин ўзи ҳечқачон ҳеч нарсага муҳтож бўмайдган Зот борлигини билади. Ўзи ҳожатларини адо қилишга ожиз эканлигини билган Зот ҳеч нарсадан ожиз бўлмайдган қудратли Зот борлигини билади. Ўзи аввалда йўқ бўлиб, яқинда пайдо бўлиб қолганини, дунёга келганини ҳис қилган киши барча нарсаларни пайдо қилувчи, ўзи пайдо бўлмаган Зот борлигини тушунади. Чунки, йўқдан пайдо бўлган нарса бошқа нарсаларни пайдо қила олмайди. Шу каби ўзи бир кун келиб ўлишини, тенгдошлари орасида йўқолишини фикр қилган киши барча жонзотларни ўлдириб турувчи ўзи ҳеч қачон ўлмайдиган Зот борлигини танийди.
Киши билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги восита эса, пайғамбардир. Пайғамбарни танимаган, ишонмаган киши ҳеч қачон маърифатли бўлолмайди. Пайғамбарлар инсонларга Аллоҳу таолонинг зоти ва сифатларини танитиш билан бирга ўзларининг асли, келиб чиқишлари ва келажаклари, оқибатларини билдириш учун танлаб олинган буюк шахслардир. Уларнинг барчасига Аллоҳнинг раҳмати ва саломлари ёғилсин.
Тошқулов Махтумқули
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси