1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳар бир нафас ғанимат

6-11-2023, 12:04 278 Ўқиш режими + -
Бутун оламни яратиб, ой ва қуёшни   вақт  ўлчови қилиб қўйган  Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин. “(Қиёмат кунида) ҳисобланишдан олдин  ҳисоблаб қўйинглар”деб вақтнинг қадрига етишга огоҳлантирган пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га саловат ва саломлар бўлсин. Вақтдан унумли   фойдаланиб, комил  инсон бўлиб  инсоният саодати ва жамият тараққиёти учун катта ҳисса қўшиб кетган буюк аждодларимизга Аллоҳнинг  раҳмати ёғилсин.  
Аллоҳ таоло  ўз  Каломи шарифида бу дунёда берилган умрнинг  қадрига етмасдан солиҳ амаллар қилишга улгурмаган  кишига маломат  қилиб шундай   дейди: ”Улар  қийинчилик ва азоб  ичида (дўзахда)  қичқириб ётадилар: Эй Роббимиз, бизни  бу азобдан  чиқаргин, (дунёга қайтаргин), олдин   қилган  амалларимиздан  бошқа солиҳ амаллар қиламиз (кофирлик  ўрнига   иймон  келтирамиз, сенга  саркашлик   қилмасдан итоат  қиламиз) дейдилар. Биз  сизларга (дунёда) эслайдиган   киши  эслайдиган   миқдорда умр бермадик-ми (ибрат   олишни  истаган  киши ибратланишига, насиҳат олишига  кифоя қиладиган миқдорда умр бергандик-ку) ва сизга   бу ҳақида огоҳлантирувчи  келганди-ку”. (Фотир с.  37-оят)   
Демак, Аллоҳ таоло бизларга умрни   фикрларимизни тўғирлаб, ўзимиз ва Яратувчимиз  ҳақида тўғри эътиқод ҳосил қилишимиз учун ва  амалларимизни ислоҳ қилишимиз учун берган экан. Шу билан бирга бу  ҳақида тушинтирувчи, агар бу умрдан тўғри фойдаланмасак қаттиқ азобга  гирифтор бўлишимиз  ҳақида огоҳлантирувчи ҳам юборган экан. Муфассирлар, бу  огоҳлантирувчи Пайғамбар алайҳиссалом ёки китоб (Қуръон) ёки ақл ёки оқ сочлар ёки яқинларнинг ўлими, дейдилар.
Ҳақиқатда, пайғамаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) вақтдан унимли фойдаланишни ўргатиб шундай марҳамат қиладилар: “Мўъмин киши фақат уч нарса учунгина ҳаракат қилади: охират куни учун савоб жамғаришга, тирикчилигини тузатишга ва ҳалолдан лаззат олишга.  Ақлли кишининг вақти тўрт вақт бўлиши лозим: бир соат Роббиси билан муножот қилади (ибодат ва дуо қилади), бир соат  ўзини (қилган ишларини) ҳисоб қилади, тафтиш қилади, бир соат Аллоҳнинг санъати (ажойиботлари) ҳақида фикр қилади, яна бир соат еб–ичиш каби ишларга машғул бўлади”. Мана, ҳақиқий мўъминнинг кун тартиби. Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишига ишонган, Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилишнинг ёмон  оқибатидан қўрққан мўьмин, албатта, вақтини, умрини бефойда ўтказишдан, зоеъ қилиб қўйишган жуда эҳтиёт бўлади. Турли хил маъносиз ўйин-кулгилардан, сафсатабозликдан ўзини тияди. Ҳатто, еб-ичишга ажратган вақтларидан ҳам унумли фойдаланиб, ўша таомларнинг ажойиботлари, ноз-неьматларнинг манфаатлари хусусида фикр юритиб сўзлашади. Уни   ризқ берувчи Зотга шукрлар қилади. Буюк мутафаккир, ҳужжатул ислом,  имом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: “Хабарларда келишича, албатта  банда учун (қиёмат кунида) бир кеча-кундузнинг ҳисобида йигирма тўртта сандиқ тизилиб ёйиб  қўйилади. Шунда унга бир сандиқ очилади ва ўша соатда қилган чиройли амалидан нурга тўлиб турганини  кўради. Роббисининг ҳузурида васила бўладиган бу нурни кўргач шундай хурсанд бўладики, агар бу хурсандликни бутун дўзах аҳлига тақсимланса ҳушлари учиб оловнинг оғриғини ҳам сезмай қолар эдилар. Кейин унга бошқа қоп –қора, гуноҳ қилган соатидаги сандиқ очилади, атрофга сассиқ ҳид таралади ва уни қоронғулик ўраб олади. Шунда уни кучли бир қўрқув чулғайдики, агар бу қўрқувни бутун жаннат аҳлига тақсимланса, жаннат неъматлари томоқларига тиқилиб қолар эди. Кейин унга яна бир сандиқ очилади, бўм-бўш, ичида уни хурсанд қиладиган ҳам, хафа қиладиган ҳам  ҳеч нарса йўқ. Бас, у катта фойдага қодир бўла туриб маҳрум бўлгандек ҳасратланиб қолади”. 
Улуғлар айтадилар: “Аллоҳ таоло бандага бир кеча кундузда йигирма тўрт минг нафас берди, йигирма тўрт минг марта мени эслайсан, деб.  Аллоҳ таоло раҳмли зот, агар хоҳласа фазлу карами билан тоғдай катта-катта гуноҳларни ҳам кечириб юборади. Аммо,  ғазабланса, қаҳр  қилса ушбу  йигирма тўрт минг нафаснинг биттасини ношукрлик ва исёнда ўтказгани учун бандани азобласа ҳам адолатли ва ҳақлидир. Чунки, шу бир нафас ҳам агар кирмай қолса ёки чиқмай қолса банда вафот этади. Демак, шу бир кунлик йигирма тўрт минг нафасимизнинг ҳар бири ҳам шунчалик буюк неъматки унинг ҳаққини адо қилишимиз керак экан. Айниқса, бугунгидек фитна кунларида, бало кунларида яна ҳам кўпроқ Аллоҳ таолога тавба–тазарруъ қилиб, кечирим сўраб, солиҳ амалларни кўпайтирайлик. Зора, Аллоҳ таоло халқимиз бошидан бу балоларни тезроқ кўтарса. Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳлардан  тавба қилиб, вақтни  ғанимат билиб, шукроналик билан яшамоқлик бахтига  муяссар  қилсин. Амийн. 
 
Тошқулов Махтумқули
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси