1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда ақиданинг аҳамияти

6-11-2023, 12:11 352 Ўқиш режими + -
Тавҳидни Исломнинг шиори қилган зот Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.
Инсониятни жаҳолат қоронғулигидан Ислом зиёсига олиб чиққан ва тавҳид асосларини баён қилиб берган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал саловат ва саломлар бўлсин.
Ақида ислом динининг асосидир. Дин инсон ҳаётини таваллуд топганидан то вафот этгунига қадар тартибга солиб туради. Аллоҳ таолонинг тавҳиди ақида илмининг бош мавзуси ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

(قُل إِنَّ صَلاتي وَنُسُكي وَمَحيايَ وَمَماتي لِلَّـهِ رَبِّ العالَمينَ* لا شَريكَ لَهُ وَبِذلِكَ أُمِرتُ وَأَنا أَوَّلُ المُسلِمينَ)

“Айтинг: “Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ учундир. Унга (ҳеч қандай)  шерик йўқдир. Мана шу (ақида)га буюрилганман ва мен (Аллоҳнинг буйруқларига) таслим этувчиларнинг аввалиман” (Анъом сураси, 162-163 оятлар)
Ақида ўз маънолари ёки руҳиятга таъсири билан исломнинг диққат марказида бўлиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан Макка даврида ақидага катта эътибор берилган. Ислом ақидаси кишилар руҳиятига сингиб бўлгач, бошқа жиҳатларга эътибор қаратилган. Кишининг имони Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлиши учун у соф ақидага эга бўлиши лозим. Бинобарин барча пайғамбарлар умматларини соф ақидага чорлаган.
Ақида бутун борлиқни ислоҳ қилиш йўлидир. У ўз навбатида жамият ва унинг ҳар бир вакили диёнатли бўлиши билан узвий боғлиқдир. Яъни жамиятнинг ҳар бир аъзоси диёнатли бўлиши учун тўғри манҳаж – йўлга ва соғлом ақидага эргашиши керак.
Ақида амалларнинг қабул бўлиш учун шарт ҳисобланади. Қуръони каримда ақидани “имон” сўзи билан таъбир қилинган. Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг ҳузурида амаллари қабул қилинишини истаган киши асл асос бўлмиш имонга эга бўлиши лозим.
Имонли инсон ростгўй, ихлосли, омонатгўй ва масъулиятли бўлиш, гина-кудурат ва ҳасадгўйликдан йироқ, қалби ва фикри нотўғри тушунчалардан холи бўлиш каби сифатларга эга бўлади.
Шунингдек ақида аввало инсонга ўзини сўнгра Роббисини танишни ўргатади. Ақида инсонга ўз ҳақиқатини очишга ёрдам беради. Дарҳақиқат тавҳид инсоннинг энг катта вазифасидир. Чунончи ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар.

قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم: (أُمِرْتُ أنْ أُقاتِلَ النَّاسَ حتَّى يَشْهَدُوا أنْ لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وأنَّ مُحَمَّدًا رَسولُ اللهِ)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен одамлар билан то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули деб, гувоҳлик бергунларича урушиш (курашиш)га буюрилганман” - дедилар.
Чинакам эътиқодли инсон мард ва шижоатли бўлади. Жонини ва молини Аллоҳнинг йўлида сарфлайди. Чунки бу ибодатлар ажрга ва савобга эга бўлиш имконини беради. Ақида инсонни борлиқни теран англаш ва Аллоҳнинг яратиб қўйганларига тафаккур назари билан қарашга ундайди. Аллоҳ таоло бу оламни инсоннинг хизматига бўйсундириб қўйган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

 (اللَّـهُ الَّذِي سَخَّرَ لَكُمُ الْبَحْرَ لِتَجْرِيَ الْفُلْكُ فِيهِ بِأَمْرِهِ وَلِتَبْتَغُوا مِن فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ*وَسَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِّنْهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ)

“Аллоҳ амри билан кемаларнинг сузиши ҳамда (у кемаларда) Унинг фазли (ризқи)дан исташингиз ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйин сундириб қўйган зотдир. У ўз томонидан сизларга осмонлардаги ва Ердаги барча нарсаларни бўйин сундирди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир” (Жосия сураси, 12-13 оятлар)
Ақида инсонга бу дунёда мавжудлигининг сири ва сабабини ҳамда Аллоҳнинг уни яратишдан муродини англашга ёрдам беради.
Ҳа, инсон беҳудага яратилмаган. Яратган уни бекорга ташлаб қўймайди. Билакс борлиқни обод қилиш, ер юзи бўйлаб айланиб, ундаги сир-синоатлар ва ажойиботларни кашф қилиш вазифасини юклайди. Ердан ноҳақ равишда ва тажовуз қилмасдан Аллоҳнинг розилигини топиш асосида фойдаланиш лозим.
Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмасдан пайғамбарлар кўрсатган тўғри йўлдан юрганлар бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахт саодатга эришадилар. Улар бу дунёнинг ғам-ташвишлари билан эмас, балки Аллоҳнинг розилигини топиш ва жаннатга кириш ташвиши билан яшайдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни соф ақида асосида яшаб, муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт саодатга эришган кишилардан қилсин! Омин!
 
Қодиров Омон
 Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси