Ўқитувчи дарс чоғида ҳалокатга учраган кема ҳақида ўқувчиларга сўзлаб берди:
– Кемада эр-хотин ҳам бор экан. Улар қутқарув кемасигача сузиб боришди. Биргина жой бор экан. Эр хотинини итариб юборди. Шунда чўкаётган аёл эрига нима деди? Қани ким айтади?
Кўпчилик бир овоздан “Сендан нафратланаман” ёки “Кўзим кўр бўлган экан” деган сўзни айтган деди... Шу пайт ўқитувчининг кўзи жимгина ўтирган болага тушди...
– Нима деб ўйлайсан, аёл эрига нима деган?
– Боламизни эҳтиёт қилинг – деган.
– Сен бу воқеани биласанми? – ҳайратланиб сўради ўқитувчи.
– Йўқ, менинг ойим ҳам ўлими олдидан дадамга шундай деган – деди.
Ўқитувчи кўзига қалқиб келган ёшни кўрсатмаслик учун четга бурилди...
Дарҳақиқат, оналар қабрга киргунга қадар фақат фарзандини ўйлайдилар. Уларни борида қадрланг!
Оқила аёл саҳрони гўзал боғга айлантиради...
... Ҳа, у – буюк аёлдир. Унинг ҳиммати, ростгўйлиги, меҳрибонлиги, фарзандига жонкўярлиги, эрига итоатгўйлиги, иймони зийнатланган либосидир.
У бир муштипар она, аёлдир. Ғам ва ташвишлар тўла бўлган ҳолида ҳам ширинсўз, чиройли нассиҳати, ҳикмати, яхшилик билан ҳамсуҳбатдош бўлиши, гўзал сийрати, улуғ пайғамбар суннатига амал қилиши ила Аллоҳ йўлига даъват қилувчи, хонадонини ёритгувчи нур жилосидир.
Қанча-қанча аёллар бор, улардан тақво, камтарлик, мастуралик, эрга итоат каби гўзал амаллар нақл қилинган. Уларнинг хуш хулқлари кетма-кет мавъизалар бўлишига, мажлисларда ваъз айтилишига сабаб бўлган. Улар қизлар учун гўзал намуна бўлганлар.
Ҳар бир аёлнинг олтини – унинг динидир. Зийнатлари – ахлоқидир. Мол-давлатлари – одобидир.
Нилуфар Ахатовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи