1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Таҳоратда ювиладиган аъзолар неча марта ювилади?

9-11-2023, 14:58 926 Ўқиш режими + -
                 Барчамизга маълумки, таҳорат намознинг калитидир. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Жаннатнинг калити намоз, намознинг калити таҳоратдир”. Намознинг калити бўлган таҳоратни мукаммал қилиш ҳар бир мусулмон учун муҳимдир.
Хўш, таҳоратда ювиладиган аъзоларни неча марта ювилади?
Ислом динида таҳоратда ювиладиган аъзоларларни уч мартадан ювиш суннатдир. Таҳоратда уч мартадан ювиладиган аъзолар – қўл, юз ва оёқдир.  Мабодо, инсон қалби таскин топиш учун уларни уч мартадан зиёда ювса зиёни йўқ. Ҳар бир ювишда сув таҳоратда ювиладиган аъзоларга тўлиқ етиб бориши керак. Ана шунда таҳоратда аъзоларни уч мартадан ювиш суннати адо бўлган бўлади.  Магарам, биринчи ювишда қўлининг бир қисми, иккинчи ювишда яна бир қисми қуруқ қолди-ю, учинчисида ҳамма жойга тўлиқ сув тегса, таҳоратдаги ювиладиган аъзоларни уч марта ювиш суннати бажарилмаган бўлади. 
          Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг фатвосида шундай дейилади: “Бу ҳақида ҳанафий мазҳабидаги машҳур матнларнинг биринчиси саналувчи “Мухтасарул-Қудурий”нинг шарҳи “Ал-Лубоб” китобида шундай дейилган:
 
(وتكرار الغسل) المستوعب في الأعضاء المغسولة (إلى الثلاث) مرات ؛ ولو زاد لطمأنينة القلب لا بأس به، 
 
Яъни: “Ювиладиган аъзоларни уч марта тўлиқ сув етадиган қилиб ювиш – суннатдир. Агар қалби таскин топиши учун ювишни уч мартадан зиёда қилса, зарари йўқдир". (“Ал-лубоб фий шарҳил-китоб”). Бу борада “Фатовои ҳужжа” китобида шундай дейилади: “Ҳар бир ювишда сув аъзонинг ҳамма жойига тегиши керак. Биринчи ювишда қўлининг бир қисми, иккинчи ювишда яна бир қисми қуруқ қолди-ю, учинчисида ҳамма жойга тўлиқ сув тегди. Бу аъзоларни уч мартадан ювди, дейилмайди. Суннат бажарилган бўлмайди”. (“Музмарот”). Демак, ҳар бир аъзони ювганда ҳар сафар унинг ҳамма жойига сув тўлиқ тегиши керак. Ана шунда уч марта ювиш суннати адо бўлади. Бундан ташқари “Фатовои Оламгирийя” китобида шундай зикр қилинган: “Аъзоларни тўлиқ ювиш деганининг мазмуни сув аъзога тегиши, оқиши ва аъзодан томиши билан бўлади (“Хулоса” китоби). “Уч мартадан ювиладиган аъзолар – қўл, юз ва оёқдир. («Ал-Муҳийт» китоби). Аъзоларни бир марта мукаммал қилиб ювиш фарз бўлади. (“Заҳирийя” китоби). Кейинги иккитаси суннати муаккада ҳисобланади. Саҳиҳ гап шу (“Жавҳаратун наййира” китоби)”. Ишқалаш масаласига келсак, бу ҳақида “Фатовои Оламгирийя” китобида шундай дейилган:
 
وَمِنْ الْأَدَبِ دَلْكُ أَعْضَائِهِ
 
Яъни: “Таҳоратда ювиладиган аъзоларини ишқалаш одоб-мустаҳаб амаллардандир”. Демак, таҳоратда ювилиши лозим бўлган аъзоларни бир марта яхшилаб ювиш фарздир. Иккинчи ва учинчи ювишлар суннати муаккада, яъни таъкидланган суннатдир. Ҳар бир ювишида тўлиқ сувни ўша аъзонинг барча қисмига етказиш суннат ва ишқалаб ювиш эса, мустаҳаб саналар экан”.
 
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизнинг ибодатимизни мақбул айласин!
 
Р.  Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими