1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОТА - ОНА РОЗИЛИГИГА ОШИҚАЙЛИК

9-11-2023, 16:32 325 Ўқиш режими + -
Пайғамбаримиз ﷺ бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар:
“Жаннат – оналар оёғи остидадир”. Бу ҳадиснинг мажозий маъноси. Пайғамбаримиз ﷺ маънони умматга рамзли, қисқа, бадиий ва гўзал бир тарзда етказмоқдаларки, ақли бор одам буни англайди. 
Оёқдан мурод – онанинг розилиги, жаннатдан мурод – Аллоҳнинг розилигидир. 
Бошқачароқ айтганда “Онанинг ризолигини олсанг, Аллоҳнинг ризолиги (жаннат)га етган бўласан!”
Жаннатга киришга лойиқ бўлиш учун ота-она розилигини олиш зарур. Уларни хушнуд ва хурсанд қилиш зарур. 
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга марҳамат етди:
“Эй, Мусо! Ота-онасига яхши муомалада бўлиб, уларнинг розилигини олгани ҳолда Менга осий бўлган қулимни Мен яхши қулларим қаторида ёзаман. Аксинча, Менга қуллик хизматида қусури бўлмаса ҳам, ота-онасига яхшиликлар қилмай, яхши муомалада бўлмай, ота-она розилигини олмаган қулимни еса осийлар қаторида ёзаман!
Набий ﷺ дедилар:
“Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Аллоҳнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”.
Демак, ота-она номига сазовор бўлган шахс борки,  динимизда улар эҳтиромга  лойиқ зотлар сифатида қадрланади. Юқоридаги ҳадиси шариф матнида келган “Роббнинг розилиги” отанинг розилигида ва “Аллоҳнинг ғазаби” отанинг ғазабида эканининг ўзи ҳам,  Исломда уларнинг қадри қанчалар юксак эканига далолат қилиб турибди. 
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Бир мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса бир эшикни очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди”, дедилар. “Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?” – дейилди. “Зулм қилган бўлсалар ҳам” – дедилар.
Имом Таҳовий: "Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас”, дейдилар.  
Имом Ғаззолий: “Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки, шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир", деганлар. 
Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробар риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади. Чунки, насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.
Дарҳақиқат ота-онани рози қилиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат ва фақат яхшиликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришмоғимизни насиб қилсин!
 
Омонов Оллоёр
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси