1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ АҚИДАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

9-11-2023, 17:05 278 Ўқиш режими + -
Ислом динини Ўзининг сўнги дини ўлароқ танлаган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Ислом ақидасини бутун дунёга тарқалишига ва инсонларнинг қалбидан жой олишига камарбаста бўлган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал салавот ва саломлар бўлсин!
Ислом ақидаси бир нечта хусусиятлари билан мумтоз ҳисобланади. Ушбу мақолада уларнинг айримлари ҳақида сўз юритишни мақсад қилдик.
Шомил (кенг қамровли) ва комил. 
Ушбу ақида халойиқнинг барча ҳолатларини билувчи зот Аллоҳ таоло томонидан келгани учун ҳам шундай. Бу дин комил, барча замон ва маконга ҳамда турли жамиятларга салоҳиятли ҳисобланади. Ислом ақидаси нуқсон ва айрилишни қабул қилмайдиган даражада яхлит, комил бўлиши учун бир-бирига мувофиқ бир қанча жузларни (Аллоҳга, китобларига, фаришталарига ва ҳаказоларга иймон келтириш каби) ўз ичига олади.
Асл масдар (манбаа)га эга. 
Ислом ақидаси турли фикр ва қарашларга бўйсунмайди. Қуръони карим ва ҳадиси шарифга асосланади. Шунинг учун ҳам турли ўзгаришлардан холи ҳамда ўзининг жозибадорлиги билан барчани мафтун этадиган, душманларни доғда қолдирадиган масдарларга эгадир. 
Боқий, нотўғри тўлқин ва ўзгартиришлардан ҳимояланган. 
Аллоҳ таоло бу динни сақлашни ўз зиммасига олиб, шундай марҳамат қилади.

إِنَّا نَحۡنُ نَزَّلۡنَا ٱلذِّكۡرَ وَإِنَّا لَهُۥ لَحَٰفِظُونَ

“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят)
Ғайбий. 
Бундан ислом ақидаси ҳис-туйғу аъзолари билан идрок қилиб етиш мумкин бўлмаган нарса экани назарда тутилади. Яъни иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар (Аллоҳга, фаришталарга ва қиёмат кунига иймон келтириш каби) ғайб оламига оид ҳисобланади.
Тавқифий. 
Бундан ислом ақидаси “қиёс” ва “ижтиҳод” каби зонний (тахминий) масдар (манбаа)ларга эмас, балки Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ суннатларига асосланиши назарда тутилади. Чунки зонний асосларга суянадиган ақиданинг ўзи ҳам зонний бўлиб қолади.
Мувозанат. 
Ислом ақидаси ўртачалиги ва мўътадиллиги билан фарқланади. Барча масалаларда мувозанатни сақлайди. Ҳеч бир томонга ён босиб кетмайди. Ислом ақидаси ваҳий орқали билдирилган нарсалар билан сезги органлари (бешта ҳис қилиш аъзолари) орқали идрок қилинадиган нарсалар, Аллоҳ таолонинг иродаси билан табиат қонунлари, Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан банданинг истаги ва қадарга имон келтириш билан сабабият (қонун)ларини ушлаш ўртасидаги мувозанатни ушлайди.
Оқилона. 
Бунда ислом ақидасининг ақлга мувофиқ экани назарда тутилади. Яъни ислом ақидаси ақлнинг шаънини кўтариб, ундан содир бўладиган нарсаларга аҳамият беради ва оқил одамларни мақташ билан бир қаторда ақл билан иш кўришга ундайди.
Фитрий. 
Бунда ислом ақидасининг фитрат – соф табиатга уйғун экани назарда тутилади. Яъни у инсоннинг фитратига асло зид келмайди. Аксинча уни ўстиришга ёрдам беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

فَأَقِمۡ وَجۡهَكَ لِلدِّينِ حَنِيفٗاۚ فِطۡرَتَ ٱللَّهِ ٱلَّتِي فَطَرَ ٱلنَّاسَ عَلَيۡهَاۚ لَا تَبۡدِيلَ لِخَلۡقِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ ٱلدِّينُ ٱلۡقَيِّمُ 

 “Бас, (эй, Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир...” (Рум сураси, 30-оят)
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло халойиқни тавҳидга (Аллоҳни бир деб билиш) ишонадиган табиатда яратган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни соф табиатимизга мос ислом ақидасида яшаб, бу дунёда ҳам охиратда ҳам Ўзининг мукофотига ноил бўлишимизни насиб этсин! Омин!
(Интернет манбаалари асосида тайёрланди)
 Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари