Ҳаммамизга маълумки, вафот этган банданинг савобли ишлари тўхтайди. Лекин солиҳ фарзандлар айтган истиғфорлар фойдаси ота-онага бориб туради. Солиҳ Фарзанд ота-онадан кейин унинг чироғини ёқиб туради: эзгу ишларини давом эттиради, ҳақига дуо қилади. Бу билан марҳум ота-она руҳи шод бўлади, жаннатдаги мартабаси баладлаб, кўтарилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир кишининг жаннатдаги мартабаси кўтарилади. Шунда у: “Бунинг боиси нима?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг айтган истиғфор сабабидан (шундай мақомга эришдинг)”, дейилади” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
Бизда бирон одам вафот этса, эл-юртга ош бериш урф бўлган. Аслида 7, 20, 40 демасдан, муҳтож кишиларни чақириб таом берилса, муносиб одамларга хайр-эҳсон қилинса, яхши албатта.
Аммо, эҳсондан ташқари ўтганлар ҳақига истиғфор айтилса, беш вақт намоздан кейин дуо қилинса, фойдаси кўпроқ бўлади. Чунки, элга ёзилган дастурхон атрофида марҳум бир-икки марта эсланади. Намозлардан кейин ота-онаси, мўмин-мусулмон аждодлари ҳақига дуо қилса, истиғфор айтса, унинг савоби тўхтовсиз бориб туради.
Шундай фарзандлар бор: ота-онаси ўтиб кетганидан кейин маъракаларини дабдаба билан ўтказиб, “Уларнинг руҳини шод қилиб қўйдим”, деб калта ўйлайди. Йўқ, маъракани чиройли ўтказиш билан иш битмайди. Зеро, ота-она фарзанд қилаётган ибодатдан, дуодан, айтаётган истиғфордан манфаат кўради. Намозлардан кейин: “Ё Аллоҳ, ота-онамни раҳматингга ол, гуноҳларини кечир, қабр азобидан сақла!” деб дуо қилинг. Шунда ота-онангиз руҳи шод бўлади, қабри нурга тўлади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит дафн этилганидан кейин қабр бошида туриб: “Биродарингиз ҳақига истиғфор айтинг, унга сабот тиланг! Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, дедилар” (Абу Довуд, Баззор ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).
Уламолар таъкидлашича, маййит дафн этилганидан кейин унинг ҳақига истиғфор айтиб туриш мандубдир.
Ҳар ким ўз она тилида истиғфор айтиши мумкин. Истаса, “Аллоҳуммағфир лий ва лил муъминийна вал муъминаат”, деса ҳам бўлади. Муҳими, истиғфорни ихлос билан, чин дилдан айтса бўлгани.
Бобур Рахманов,
Қарши шаҳар “Кўк гумбаз” жоме масжиди имом-ноиби