1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РОСТГЎЙЛИК – БУЮК ФАЗИЛАТ

17-11-2023, 08:57 449 Ўқиш режими + -
 Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга бир неча гўзал фазилатларни ато айлаган. Бу фазилатлар инсоннинг зийнати ҳисобланади. Гўзал фазилатлар ила инсон жамиятда, инсонлар орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлади. Мана шундай фазилатлардан бири – бу ростгўйлик фазилатидир. Инсон табиатида яхши сифатлар билан ёмон сифатлар ёнма-ёндир. Ақлли инсонлар яхши сифатларини асраб, камолига етказади, ёмон сифатларнинг зарарини билиб, улардан халос ва саломат бўлади.
Инсон табиатидаги яхши сифатлардан бири ростгўйликдир. Бу ҳақда Пайғамбармиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар: яъни: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки, барибир ёлғоннинг охири вой”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаганлар: яъни: “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас”, - деганлар. Ёлғончилик барча ёмонликларнинг манбаи, ҳамма разилликларнинг асли, оқибати бахтсизлик, самараси тубанлик бўлган иллатдир. Ёлғондан туҳмат, туҳматдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади.
Мусулмон киши ихлосманд ва тақводор бўлиши билан бир қаторда ростгўй бўлиши ҳам лозим. Қуръони каримда ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: яъни: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!”.
Аллоҳ таолонинг бу амрида икки нарсани рўёбга чиқариш талаб қилинади. Биринчиси, инсон ўз сўзида рост сўзловчи, иккинчиси, инсон ростгўйлар билан бир сафда бўлишлигидир.
Демак, ростгўйлик – сўзда, гапда, амал қилишда, тоат-ибодатда, ҳар қандай вазифани адо этишда бўлиши лозим экан. Ҳақиқий мўминлар ростгўйликни маҳкам тутадилар ва Аллоҳ таоло Қуръони каримга ишора қилган улуғ савобларни эслайдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: яъни: “Аллоҳ деди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга тўғри сўзлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар”. Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқдир”.
Жумладан, Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қиладики: яъни: “Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим юрсин”.
Маълумки, Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлиб, гўзал хулқ ва одобда бўлишга амр этган. Шунингдек, уларни доимо ҳақ сўз ва рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга буюрган. Чунки ёлғон, хиёнат, туҳмат, бўҳтон, вафосизлик каби қабиҳ ишлар инсоннинг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таолодан қўрқишга буюрилгандан сўнг, тўғри сўзлашликка амр қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: яъни: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар, кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ ютуққа эришибди”. 
Бошқа бир оятда: яъни: “...Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд (қиёмат куни) сўраладиган ишдир”, - дейилади. 
Демак, ҳақиқий мўмин Аллоҳдан қўрққан, унга бўйсунган, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эргашган кишида хиёнат ёлғончилик бўлмаслиги лозим.
Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири – бу ёлғончиликдир. Ёлғончилик барча разолатларнинг боши, у ўз эгасининг ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни Қуръони каримда қаттиқ огоҳлантирган.
Ислом таълимоти ёлғон гувоҳлик беришни улкан, яъни катта гуноҳ, Аллоҳга ширк келтириш билан баробар, деб билади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: яъни: “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, - деб сўрадилар. Биз, “Ҳа айтинг, эй Аллоҳнинг расули!”, - дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ”, - деб суяниб тургандилар, ўтириб олдилар: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ деб такрорлайвердилар, биз, ҳатто қанийди сукут қилсалар”, - деб айтдик.
Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади: яъни: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар”.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орқасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, - деганлар.
Бугунги кунда баъзи инсонларга оддий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсасини олиш, қарз, омонатга нарса олиб, бермасдан юриш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан, ҳаққидан устун қўйиш каби разил иллатлар, оғир гуноҳлар борки, улар инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан баракани кетказади. Шу сабаб бундай иллатлардан огоҳ бўлишимиз даркор. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бу ҳақдаги зарур кўрсатмаларини берганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдибдиларки: яъни: “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”.
Бошқа бир ҳадисда эса: яъни: “Бу дунёда беъмани гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”.
Аллоҳ таоло мўмин бандаларни сифатлаганда уларнинг фаҳш, қабиҳ ва уятсиз сўз ва ишлардан четда бўлишларини таъкидлаган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади. яъни: “Улар катта гуноҳлардан ва фаҳш иш ва сўзлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир”.
Аллоҳ таоло тилимиз ва дилимизни доимо ислоҳ этиб юришимизни барчаларимизга муяссар айласин! Омин.

Х.Хонимов
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби                                       
Muslim.uz материаллари асосида