1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Таборак (Мулк) сураси фазилатлари

22-11-2023, 14:47 4 239 Ўқиш режими + -
Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни  яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий ﷺ: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти). 
Таборак сураси мусулмон орасида “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб аксарият диёрларда, хусусан бизнинг юртда маййит дафн қилингандан кейин унинг ҳаққига Таборак сураси қироат қилинади.
Саҳобалар ҳам бу сурасин “қутқарувчи, асровчи” деб атаганлар. Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида жуда кўп ривоятлар келган.
“Тортишади” деганда, ҳужжат келтиради, уни ҳимоя қилади, шафоат қилади каби маънолар кўзда тутилади.
“Соҳиби” эса Таборак сурасини доим тиловат қилувчи, уни тадаббур билан ўқувчи қоридир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг ﷺга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).
Севикли Пайғамбаримиз ﷺ: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий ﷺнинг саҳобаларидан бири билмай ўз капасини бир қабрнинг устига қурди. Бир пайт унинг ичида бир инсон “Табарокаллази биядиҳил Мулк”ни охиригача қироат қилди. Бас, у Набий ﷺнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Капамни бир қабрнинг устига қурдим. Унинг қабр эканини билмаган эдим. Бирдан унинг ичида бир инсон “Табарокаллази биядиҳил Мулк”ни охиргача қироат қилди”, деди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “У ман қилувчи ва нажот берувчидир, қабр азобидан нажот беради”, дедилар”. (Термизий, Байҳақий ва Баззор ривояти)
Шарҳ: Шунинг учун бу сура “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам аталади, чунки у бандаларни катта азобдан сақлайди. Ушбу сурани қабр ичидаги одам ўқиганидан кейин унинг сиртидаги тирикларнинг ўқишлари фойдали бўлиши турган гап. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Майит қабрга қўйилгандан сўнг (азоб фаришталари) оёқлари тарафдан келсалар, оёқлар: “Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ, чунки у биз билан туриб, кечасидаги намозда “Мулк” сурасини ўқир эди”, дерлар. Агар бош тарафдан келсалар, тили: “Сизнинг бунинг олдига келишингизга йўл йўқ. Чунки у мен билан “Мулк” сурасини ўқирди”, дейди”, дейилган. 
“У (“Мулк” сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради”, деганлар.
Эътибор беринг, “Мулк” сураси қабр ичидан эшитилмоқда! Бу қандай сураки, уни ўқиш жонсиз инсонга ҳам насиб этиб турибди! Келинг, бу сураи карима фазилатлари ҳақида келган бошқа ривоятлар билан ҳам танишиб чиқайлик.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Таборак сураси қабр азобидан тўсувчидир”, деб айтганлар” (Ибн Мардавайҳ ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ). 
Бу ерда айтилишича, Таборак сураси бандани қабр азобидан сақлайди. Демак, мазкур сура бандани қабрда ҳам, охиратда ҳам шафоат қилади, уни азобдан ҳимоя қилади. Шу сабаб қабристон зиёратига борганлар у ерда Таборак сурасини ўқишлари мустаҳабдир.
Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитади ва бу Пайғамбаримиз ﷺга зикр қилинганида у зот:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий ﷺ “Алиф, Лаам, Мийм. Танзийл…” ва “Табарокаллази биядиҳил Мулк”ни қироат қилмасдан ухламас эдилар”.( Термизий ривоят қилган)
Ҳозирда ҳам кўпчилик мусулмонлар “Мулк” сурасини ўқимасдан ухламаслик ҳақидаги ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келадилар. Имом Ҳоким келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
“Кишининг қабрига унинг оёқлари томонидан келинади. Шунда уларга:
“Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи “Мулк”ни қироат қилар эди”, дейилади.
Сўнгра унинг кўкраги ёки қорни томонидан келинади. Бас, уларга: “Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи “Мулк”ни қироат қилар эди”, дейилади.
Сўнгра унинг боши томонидан келинади. Бас, уларга: “Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи “Мулк”ни қироат қилар эди”, дейилади.
 
Махсумов Мақсуд Махмут ўғли
 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси.