1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Саломатликни асраш – омонат

1-12-2023, 16:34 452 Ўқиш режими + -
(1 декабрь – ОИТСга қарши кураш куни)
1 декабрь куни дунё бўйича халқаро ОИТСга қарши кураш куни деб белгиланган. Маълумки, бу касаллик инсон организмидаги касалликка қарши курашувчанлик қобилияти (иммунитет)нинг йўқолиши билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда бу касалликнинг давосини топиш устида мутахассислар изланишлар олиб бормоқдалар.
Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: яъни: Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади:
яъни: “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар: яъни: Абдуллоҳ бин Усмон р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар.
Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: яъни: Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (Имом Термизий ривояти).
Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар келтирадиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан сақланмоқлиги лозим. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқлаганлар.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган, гиёҳвандлик, ичкиликбозликга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.
Албатта, динимизда кишига касаллик етганида уни даволашга изн берилган. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари касалликдан даволанишни умумий маънода мубоҳ дейдилар. Аммо, касаллик оғир бўлиб, уни даволашнинг иложи, яъни дориси бор бўлса, у ҳолда даволанишни вожиб, деганлар. Бунга қуйидаги ҳадиси ширифни далил қиладилар: яъни: Усома бин Шарийк р.а. ривоят қилиб айтадилар: Мен Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади. Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: яъни: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:  яъни: “Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Бақара сураси, 211-оят). Бошқа бир оятда эса,  
яъни: “Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (муносабатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаганидандир” - деган (Анфол сураси, 53-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади.

Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов,
 Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби