1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Адолат қомуси

7-12-2023, 16:29 304 Ўқиш режими + -
Қаерда қонун ҳукмрон бўлса, шу ерда адолат бўлади”.
Амир Темур
Адолат қомуси
Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини, аҳолисининг турмуш даражасини, ҳаётининг фаровонлигини, фуқароларининг ижтимоий-ҳуқуқий хавфсизлигини ушбу давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тузумини белгилаб берувчи Низоми, яъни Конституцияси ҳисобланади. Конституция, яъни Асосий Қонун ёки Дастур – давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган ҳужжатдир.
Ер юзидаги ҳар қандай давлат тараққиётга эришиш учун кўпдан кўп қатъият ва қадриятларга қатъий амал қилиши зарур. Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга, миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш аввалбошдан Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келяпти.
Она-Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб мустақил давлат янги қонунчилигининг яратилиши ва қабул қилиниши борасида дадил қадам ташланди. Бу борада керакли чора-тадбирлар амалга оширилди. Дастлабки қабул қилинган қонунлардан бири Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлиб, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди.
Конституция бу бизнинг фахр ва ифтихоримиздир. Конституция бу ҳар бир давлатнинг асосий рамзларидан бўлиб, унинг жаҳон давлатлари ўртасида қадр-қимматини билдиради. Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилгандир десак муболаға бўлмайди.
Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг ўттиз бир йиллиги байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари,эркинликлари ва бурчлари бўлими”да шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт”, деб ёзиб қўйилгани айни сўзимизга мисолдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди.
Халқимизнинг эзгу ниятларини ўзида мужассам этган, эркинлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларга асосланган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда яшаб келаётган инсонларни тенглиги, уларнинг тили ва диний урф-одатлари ҳамда миллий қадриятларининг гарови сифатида кишилик жамиятини барча жабҳаларда тараққиётга эришишга хизмат қилиб келмоқда. Шу жумладан, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бир мовий гумбаз остида тинч-тотув, хотиржамлик асосида яшаб келиши ҳам Қомусимизнинг нечоғлик ҳаётга татбиқ этилганлигидан ва диёримиз кишиларининг бағрикенглигидан дарак беради.
Асосий Қонунимиз лойиҳаси уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибасини, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонларини ўзида мужассамлаштирди. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:
  • инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг динини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг наслини муҳофаза қилиш;
  • инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар.
Алоҳида урғу билан таъкидлаш жоизки, 2023 йил 30 апрелда референдум орқали янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қатор халқаро анжуманларда нуфузли экспертлар, хорижлик мутахассислар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.
Хулоса шундаки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – миллий истиқлол мафкураси ғоялари сингдирилган миллий манфаатларимиз, истиқлолимиз ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.
Юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади. 
 
 
 
 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳуқуқшуноси:     Н. Садатова