Ҳаё - ахлоқий фазилатларнинг аввали ҳисобланади ва иймон шохчаларининг[1] устунидир. Ҳаё билан мўмин кишининг дини мукаммал бўлади. Ҳаё иймоннинг далили ҳамда ўз соҳибини яхшилик ва тўғри йўлга етакловчи омилдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Ҳаё - фақат яхшилик келтиради”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти. Бошқа ҳадисда “Ҳаё унинг барчаси яшиликдир”, деганлар. Имом Муслим ривояти. Агар инсон ҳаё билан хулқланса бу унинг одобининг гўзал ва иймонининг мукаммал эканлигига далолат қилади.
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ҳаё иймоннинг шуъбаларидандир”1 деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривояти. Бир куни пайғамбаримиз ансорлардан[2] бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар. Ансорий киши ўз биродарига ҳаё ҳақида насиҳат қилаётган эди. Пайғамбаримиз ҳалиги ансорий киши учун “уни тек қўйгин, албатта ҳаё иймондандир” дедилар.
Ҳаё - инсонни ўз имони сабабли қабиҳ ишларни қилишдан қайтарадиган ва тўсадиган уят туйғуси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алоҳида тилга олганларига сабаб барча яхшиликлар, айниқса, имоннинг шохчалари сифатида кўрсатиладиган жами хислатлар у сабабли амалга ошади. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ ҳам: «Имон ман қиладиган нарсаларни ҳаё ҳам ман қилади», деганди[3].
Ҳаё – Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифатдир. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Роббингиз улуғ ҳаё эгасидур. Бандаси ўз Роббисига икки қўлини кўтариб дуо қилса, уни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади”, деганлар. Ибн Можа ривояти.
Ҳаё - фаришталар ва пайғамбарларнинг ҳам хулқларидан ҳисобланади. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида: “Фаришталар ҳаё қилган кишидан ман ҳаё қилмайинми?”, дедилар. Имом Муслим ривояти. Бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу улуғ сифат билан сифатланганлар. Абу Саид ал Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз парда ичида турган ўта иффатли қиздан ҳам ҳаёли эдилар. Агар У киши бирор нарсани ёқтирмасалар биз уни У зотнинг юзларидан билиб олар эдик”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
Ҳаё – исломий хулқлардан бўлиб, мусулмон киши ўзгалардан ҳаёлари билан ажралиб туради. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта ҳар бир диннинг хулқи бор, исломнинг хулқи ҳаёдир” деганлар. Ибн Можа ривояти.
Ҳаё – ўз эгасини шариатда қайтарилган ишлардан, турли гуноҳлардан қайтаради ва тўғриликка, савоб ишларга ундайди. Пайғамбаримиз ўз ҳадисларида: “Албатта пайғамбарларнинг сўзларидан инсонларга етган биринчи нарса “Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қил” деган, гап бўлди” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Ҳаё – кишининг иймони билан шундай яқин нарсаки, агар бири топилса бошқаси ҳам топилади. Агар бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё ва иймон иккаласи бир-бирига шундай яқинки, агар бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади”, деганлар. Ҳоким ривояти.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу буюк сифат билан сифатланишимиз ва бу ҳаё сифати хулқимизни сайқалланишига сабаб бўлишини Аллоҳ таоло насиб қилсин. Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари [1] Мазкур ҳадиси шариф матнидаги «шўъба» («шохча») ўрнида «боб» («эшик»); «афзал» ўрнида «аъло» («олийроқ»), «арфаъ» («баландроқ»), «ақсо» («тепароқ»); «ал-азо» («озор») ўрнида эса «азм» («суяк») сўзлари ишлатилган ривоятлар ҳам мавжуд. Бу билан маънога путур етмайди, ҳар бири ўзига хос равишда умумий маънога хизмат қилади.
[2] Ансорлар (араб.- ёрдамчилар, сафдошлар) — Муҳаммад(сав) саҳобалари бир табақасининг номи. 622 йил Маккадан Мадинага кўчиб борган мусулмонлар (муҳожирлар)га ва Муҳаммад(сав)га ёрдам берган ҳамда Ислом динини қабул қилган Мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларининг аъзолари. Ансорлар муҳожирлар билан бирга илк мусулмонлар жамоасини ташкил этган. Кейинги сиёсий воқеаларда ҳам Ансорларнинг роли катта бўлди. Манба: ислом энциклопедия
[3] Қози Иёз. Машориқ ал-анвор. 1-жилд. – Байрут: Дор ан-нашр, 2000. – Б. 218.