Барчамизга маълумки, ихлос Ислом динининг асл моҳиятидир. Ҳар бир яхши амал унинг устига барпо қилинади. Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамзот сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир. Ким ихлосни маҳкам ушласа — нажот топади. Ким уни зое қилса — ҳалокатга юз тутади. Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Бандани қилаётган амалларида ҳолис бўлишлигига Аллоҳ таоло буюриб шундай дейди:
فَاعْبُدِ اللَّهَ مُخْلِصًا لَهُ الدِّينَ (٢)أَلا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ
“Бас, сен Аллоҳга Унга динни ҳолис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким ҳолис дин Аллоҳникидир!” (Зумар. 2 – 3- оятлар)
Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир.
Яна бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло биздан аввал ўтган қавмларни ҳам ихлосга буюрганини эслатиб, шундай деди:
وَمَا أُمُِوا إِلا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِرينُ الْقَيِّمَةِ (٥)
"...Ҳолбуки улар факат ягона Аллоҳга, У зот учун динни ҳолис тутган ва тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни барпо қилишга ҳамда закотни адо этишга буюрилган эдилар". (Баййина сураси 5-оят)
Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, яна бундай деди:
وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ وَاتَّبَعَ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا وَاتَّخَذَ اللَّهُ إِبْرَاهِيمَ خَلِيلا
"Мухсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим килган кишидан хам кўра дини гўзалроқ ким бор?" ("Нисо" сураси 125-оят)
Абу Хурайра разияллоху анхудан ривоят қилинади. У зот: "Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни эшитганман", дейдилар:
عن ابي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله عليه السلام: قال الله تبارك و تعالى: انا اغنى الشركاء عن الشرك. من عمل عملا اشرك فيه معي غيري تركته وشركه. رواه مسلم
"Аллоҳ Таборака ва таоло айтди: "Мен шерикларнинг шерикликдан энг бехожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик килса, Мен уни шерик қилган нарсаси билан бирга ташлаб қўюрман". (Имом Муслим ривояти)
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Ким Аллоҳнинг юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, Қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди". (Имом Довуд ривояти)
Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига — гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринсада — ажр-мукофотни катта қилиб беради. Шунингдек, Аллоҳ уларнинг — гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринсада — гуноҳларини кечиради.
Шундай қилиб, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки шу амал соҳибининг қалбида сақланадиган иймон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан. Зеро, амал суратдир, ихлос эса унинг руҳидир. Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан тирикдир. Шайх Дувайш айтадилар: "Агар амалларда ихлос килмасанг, ўзингни чарчатиб ўтирма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкамдир, риё дарахтининг илдизи эса қўпориб ташлангандир". Дарҳақиқат, агар дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлса, унинг танаси қанчалик кесилиб-қирқилиб ташланмасин, барибир ўсишда, ривожланишда давом этаверади ва агар унинг илдизи қўпориб ташланган бўлса, унда унинг тезда қуришини кутавер!
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Алимардон Кароматов