1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Шаъбон ойи фазилатлари

19-02-2024, 16:55 463 Ўқиш режими + -
Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой Рамазон  ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилган ойдур. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг ҳеч бир ойида Шаъбондагидек кўп рўза тутмасдилар” (Имом Муслим ривояти).
Тобеъин, Куфа шаҳрининг фақиҳларидан бири Ҳабиб ибн Абу Собит Шаъбон ойи кирса: “Бу қориларнинг ойидир”, дер эди. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойнинг бундай ном билан аталиши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади.
У вақтларда араблар ҳар бир ойни унда рўй берган муҳим воқеа-ҳодиса ва ҳолатларга қараб номлар эдилар. Масалан, кетма-кет келувчи жумода-л-увло ва жумода-л-охира (биринчи жумодо ва кейинги жумодо) ойларини ўша вақт қишнинг энг совуқ пайтига тўғри келиб, сувлар ва ерлар музлаб қолганлиги учун шундай номлаганлар. Жумодо сўзи музлаш, қотиш маъносини англатувчи “тажаммада” феълидан олинган. Ойларга ном берилаётган даврда Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди. Унинг номланиш сабаби борасида турли хил қарашлар мавжуд бўлса-да уларнинг бари тарқалмоқ маъносини ўз ичига олувчи “ташаъъаба” сўзидан олинганлигини ривоятлар тасдиқлайди. Зеро, айнан шу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетардилар. Яна бир қавлга кўра бу вақтда араблар тарқоқ ҳолда турли ғорларга кириб олар эканлар. Бошқа бир қавлга биноан араблар шаъбондан битта олдинги уруш ҳаром қилинган ражаб ойида уруш-юришларни тарк этиб, уйда ўтириб қолганликлари боис шаъбон келиши билан яна жангу жадалларда қатнашиш учун тарқалиб кетарканлар. Шунингдек, шаъбон ойи ражаб билан рамазон ўртасида бамисоли шоҳ каби ўсиб чиқиб, уларни бир-биридан ажратиб турганлиги учун ҳам шундай ном билан аталган деган сўзлар ҳам бор.
Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади (мазмуни): “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” (Бухорий: 1833-ҳадис; Муслим: 1956-ҳадис;).
Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади", дедилар» (Ибн Можа, Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).
Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо кимдир (доимий нафл) рўза тутиб юрган бўлса, уни тутаверсин", дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Кимдир бирор нафл рўзани маълум кунларда ўзига вазифа қилиб олган бўлса, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, рўза тутиш жоиздир. Масалан, кўпчилик душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутади.
Демак, шаъбон ойининг иккинчи ярмида нафл рўза тутмаган яхши, аммо биринчи ярмининг охиридаги кечаси ҳам, унинг эртаси ҳам улуғ фазилат ва баракотли фурсатдир.
“Бароат” кечаси
Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.
Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Абул Ало Муҳаммад ибн Абдурроҳман Муборакфурий “Шаъбон ойи 15-тунининг фазилат борасида бир қанча ҳадислар бор бўлиб, уларнинг мажмуаси унинг шариатда ишончли асоси бор эканига далолат қилади”, деган.
Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.
Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: "...Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман".
Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси”.
Қуйида бу борада келган баъзи ҳадиси шарифларни келтириб ўтамиз:
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган). Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Рамозон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир. “Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб шундай деганлар: “Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).
Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида шундай деганлар.
“Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади”(Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).
Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам.
 
Манбалар асосида С. Жаҳонов тайёрлади.