Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
10568
15-06-2024, 13:00
480
Ўқиш режими
+
-
Мана яқин кунларда халқимиз Қурбон ҳайитини байрам қилади. Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобидаги Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни Қурбон ҳайити байрам қилинади. Ўша кунда ҳаж амаллари адо этилганлиги шукронасига мўмин-мусулмонлар томонидан қурбонликлар қилинади. Aбу Саъийд Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага: «Қурбонлигинг олдида туриб, гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томиши билан ўтган гуноҳларинг мағфират қилинади», дедилар. Шунда у (Фотима онамиз): «Эй Aллоҳнинг Расули, бу фақат биз — оли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?» дедилар. Шунда у зот: «Биз ва барча мусулмонлар учун», дедилар» (Табарони, Ҳоким, Байҳақий ривояти).
Қубонлик гўштини оила аъзоларига, қариндош-уруғларга, қўни-қўшниларга, кам таъминланган оилаларга улашадилар. Шунинг учун бу байрам Қурбон ҳайити дейилади.
Ҳозирги кунда мамлакатимиздан 15 минг, вилоятимиздан 801 киши муқаддас ҳаж зиёратини адо қилиш учун Макка шаҳрида бўлиб турибдилар. У ҳаж ибодатини адо қилиш билан бирга Юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаравон. мамлакатимиз яна ривож топиши ҳақида дуо қилмоқдалар.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукурлар бўлсинки, бу йилги Қурбон ҳайити байрами жуда катта шукуҳли ва жуда ҳам кўтаринки руҳда, ўзгача кайфият ила ўтказилиши кутилмоқда. Чунки бизнинг юрт тинч ва осойишта, ушбу тинчлик ва осойишталигимизга кўз тегмасин. Мана шундай тинч ва осойишта юртда қанча шодиёна, байрамлар қилса шунча ярашади.
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган улуғ вазифаларимиздан бири инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнудлик кайфиятини улашишдан иборатдир.
Ҳар бир инсонни у танишми ёки бегона бўлсин бир-бирларини ҳайит байрами билан самимий қутлайлик, бир-бирларимизни кўнглимизни олишга ҳаракат қилайлик.
Ҳайит намозидан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин устозларимизни, қариндош-уруғларимизни, ёру-биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этсак, уларга қўлимиздан келганича ҳадялар улашсак ва албатта аҳли-аёлларимиз, фарзандларимизни табриклаб, совғалар билан сийласак динимиз кўрсатмаларини мукаммал адо этган инсонлар қаторида бўламиз.
Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам “Бева ва мискинга ғамҳўрлик қилувчи – Аллоҳ таоло йўлида курашувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир”-деганлар.
Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак..
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин,
унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда одамлар урф қилиб, тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориши, йиғи-сиғи қилиши, шаръан дуруст эмасдир. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукр қилиб, эрта тонгдан ҳайит намозини адо этиб, кўпчилик билан қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлиб ётганларга ҳам етиб боради.
Қурбон ҳайити юқорида таъкидлаганимиздек, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-
мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин.
Битта мол, ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак, қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга Қурбон ҳайитини муборак қилсин! Кейинги йил ҳайит байрамларига ҳам соғлик – саломатлик, хурсандчиликда етишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Р. Усмонов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакили,
Вилоят бош имоми хатиби