



Ўбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг
Диний идора тизимида меҳнат қилаётган ёшларга МУРОЖААТНОМАСИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин!
Ҳурматли ёшлар!
Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилаётган ва
мадрасаларда таҳсил олаётган Сиз азиз ёшларни мамлакатимизда ҳар йили
анъанавий тарзда кенг нишонланаётган 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан
самимий муборакбод этаман.
Бугунги кунда маъҳад, мадраса ва олийгоҳларда билим олаётган,
масжидларда ўз вазифасини шараф билан адо этаётган фарзандларимиз –
келажагимиз ворисларидир.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, юртимизда ёш авлодни ҳар
томонлама қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.
Илму маърифатли, иқтидорли, ташаббускор ва касбу кор соҳиби бўлган ёшларга
кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Диний соҳамиз миқёсида оладиган бўлсак, ўтган давр мобайнида ёшлар
билан ишлаш бўйича янги тизим шакллантирилди. Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозими жорий
этилиб, бу йўналишдаги ишлар босқичма-босқич ривожлантирилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси
маркази, Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми
мактаби, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ёшлар учун зиё масканига айланиб бормоқда.
Республикамизда 2017 йилга қадар олий диний таълим муассасаси битта
бўлган бўлса, охирги 7 йилда уларнинг сони 4 тага етди. Самарқанд шаҳрида
ташкил этилган Ҳадис илми мактаби энг замонавий диний таълим муассасасидир.
Марказий Осиёда ноёб ҳисобланган бу таълим масканида ўқув жараёнлари тўлиқ
рақамлаштирилган бўлиб, бу ерга ал-Азҳар каби нуфузли даргоҳлардан хорижлик
мутахассислар ҳам жалб қилинган.
Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий мадрасасининг очилгани ва янги
ўқув йилидан Термиз шаҳрида Имом Термизий номидаги ислом институти
фаолият бошлаши қувончимизга қувонч қўшди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2024–2025 ўқув
йилидан бошлаб магистратурага, 2025 йилдан докторантурага ўқишга қабул
қилиш режалаштирилган.
Жаҳон стандартлари асосида рақамли технолигияларни диний таълим
тизимига жорий қилиш мақсадида ушбу институтда 2024 йилдан бошлаб Hеmis
платформасидан фойдаланиш жорий қилинди. Мазкур тизим таълим
жараёнларини рақамлаштириш билан бир қаторда, талаба ва педагог-ўқитувчиларга бир қатор қулайликларни беради.
Шундай имкониятлардан ёшларимиз унумли фойдаланиб, турли
йўналишларда қувончли натижаларни қўлга киритаётгани албатта барчамизни
хурсанд қилади. Масалан, шу йил Россия Федерациясида ўтказилган Қуръон
мусобақасида “Ҳидоя” мадрасаси талабаси Аббосхон қори Обидов фахрли ўринга
сазовор бўлганини алоҳида қайд этиш мумкин.
Масжидларда меҳнат қилаётган ёш имом ноибларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муносиб иш ҳақи билан таъминлаш, қўшимча имтиёзлар бериш,
билим ва малакаларини ошириш, хорижий давлатлар, хусусан, ҳаж ва умра
сафарларига юбориш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Азиз шариат ходимлари!
Динимизда ёшлар мавзусига катта эътибор қаратилган. Аллоҳ таоло барча
пайғамбарларга илм ва ҳикматни уларнинг ёшлик чоғларида берган. Бу ҳақда
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“(Юсуф алайҳиссалом) вояга етган вақтида унга ҳукмни ва илмни бердик”
(Юсуф сураси, 22-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни
ёшлик вақтида пайғамбар қилиб юборди”. Ҳадиси шарифда ҳам ёшлик ва уни қадрига етишга алоҳида аҳамият
қаратилган. Жумладан, Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан
ривоят қилган ҳадисда бундай хитоб қилинади:
“Ёшлигингни кексайиб мункиллаб қолишингдан олдин ғанимат бил”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик даври инсоннинг ақлий ва
жисмоний жиҳатдан кўп имкониятларга эга бўлиш босқичи бўлгани учун айнан
шу даврни кўпроқ ғанимат билишга чиқирдилар. Ёшликни ғанимат билиш,
албатта, илм олиш, гўзал одоб-ахлоқ ўрганиш ва эзгу ишларнинг пайидан бўлиш
билан юзага чиқади.
Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларига назар солсак, улар юқоридаги ҳадиси
шарифга гўзал амал қилганларини кўрамиз. Масалан, Саъд ибн Убода розияллоҳу
анҳу Исломга кирган пайтида 31 ёш бўлиб, у ўшанда Авс қабиласининг раҳбари
эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрда маслаҳат сўраган
саҳобалар ичида энг дадил гапни айтган киши ҳам Саъд розияллоҳу анҳу бўлган.
Яна бир ёш саҳоба Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу. У Муҳаммад соллаллоҳу
алайҳи васаллам Мадинага келганларида Қуръон сураларидан тиловат қилиб
берди. Ундаги уқувни кўриб, Жанобимиз: «Бу бола истеъдодли экан, сурёний
тилини ўрганса, менга котиблик қиларди», дедилар. Кейин унга шахсан ўзлари
Қуръон ўргатдилар ва хос котиблардан қилиб олдилар. Қуръони каримни илк бор
мусҳаф шаклига келтиришда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумо бу
вазифани Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга топширишди. Ўшанда Зайд
розияллоҳу анҳу навқирон йигит эди.
Саҳобаларнинг кўпчилиги ёшлар эди. Ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Умар,
Абдуллоҳ ибн Аббос, Самура ибн Жундуб, Зайд ибн Ҳориса, Анас ибн Молик,
Усома розияллоҳу анҳум каби қатор саҳобаларнинг номларини келтириш
мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида булар 20 ёш
атрофидаги йигитлар эди. Набий алайҳиссалом жуда муҳим, катта-катта ишларни
уларга ишониб топшириб, бу билан уларни келажакка ҳозирлардилар.
Қадрли ўғил-қизлар!
Сизлар динимиз қуввати, халқимиз бойлиги, юрт таянчи ва келажак
пойдеворларисиз. Шундай экан, илм-нажот калити дея бебаҳо маънавий мерос
қолдирган улуғ аждодларимиз изидан юринг. Улар каби ўз соҳасининг етук
мутахассис олими бўлиб етишинг. Сифатли таълим сари имкониятлар эшиги
очилаётган бир даврда илм маёғини қўлга олинг!
Бугунги мураккаб даврда доимо сергак туринг. Ҳеч қачон ғафлатда қолманг.
Зиммангиздаги ҳақларни имкон қадар пухта ва камчиликсиз адо этинг. Бу йўлда
ихлос, садоқат, тақво ва муҳаббат сизнинг доимий ҳамроҳингиз бўлсин.
Неъматларнинг қадрига етинг. Хусусан, ёшликни беҳуда ишларга сарф
қилманг. Қимматли умрингизни сермазмун ўтказинг. Зеро, ҳар бир неъматнинг
ҳисоб берилажак кунни унутманг!
Ҳар ишингизда адолатли ва мўътадил бўлинг! Асло мутаассиблик ва ғулувга
кетманг.
Нафсингизни жиловланг. Чунки барча ёмонликлар нафснинг ҳою
ҳавасларига эргашишдан келиб чиқади. Бошқаларни ўзгартиришдан олдин,
ўзингизни ислоҳ қилинг. Шунда жамият ислоҳ бўлади.
Ўқиб-ўрганган билимларингизни ҳаётга татбиқ этиб, жамият ва
мусулмонларга фойда келтиринг. Асло фақат ўзини ўйлайдиган ва бефарқ шахсга
айланиб қолманг.
Она-Ватанга муҳаббатли ва садоқатли бўлинг. Унинг ривожи йўлида бор
имкониятингизни ишга солиб хизмат қилинг.
Фитна ва унга олиб борадиган нарсалардан эҳтиёт бўлинг. Муборак
динимизни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганлардан огоҳ бўлинг. Шунингдек, динни
ниқоб қилиб олган, асл мақсадлари эса умуман бошқа бўлган кимсаларнинг
тузоғига илиниб қолманг!
Соф эътиқод ва мазҳабни маҳкам тутинг. Турли адашган тоифаларнинг
даъволарига ишониб, ўзингиз ҳамда яқинларингизни ташвишга қўйманг.
Айниқса, бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган
ижтимоий тармоқлардан фойланишда ҳушёр бўлинг.
Ғанимат умрингизни намуна бўладиган даражада ўтказинг. Ҳаёт
саҳифангизга доғ туширадиган номақбул ишлар қилманг. Дунё-охиратда ота-онангиз ва устозларга раҳматлар олиб берадиган солиҳ фарзанд бўлинг.
Аждодларингиз ҳаёти ва уларнинг қилган ишларидан ибрат олиб, уларга
муносиб авлод бўлишга интилинг.
Аллоҳ таоло Сиз азиз ёшларни ҳамиша ҳифзу ҳимоясида сақласин. Ҳар бир
хайрли ишингизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин. Шариат ходими бўлишдек
шарафли ва масъулиятли йўлда барчангизга омад ва зафарлар доимо ёр
бўлишини ва рушду ҳидоят тилайман.
Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Шайх Нуриддин Холиқназар,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий