ҚУРЬОННИНГ ТАРҚОҚ ТУШИШИ ВА УНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
106
9-12-2019, 15:02
553
Ўқиш режими
+
-
ҚУРЬОННИНГ ТАРҚОҚ ТУШИШИ ВА
УНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
Аввал айтганимиздек, Қурьон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят тушар эди, бир тушишида ўнта оятгача ҳам тушган вақтлар бўлган. Қурьон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эьтиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон ва мўьжизакорлик қуввати янада ортар эди.
Агар Қурьон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят тушгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта улар бундай баҳонани қила олмас эдилар.
Қурьоннинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири–кишиларни, ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қурьон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.
Қурьоннинг тарқоқ тушиш ҳикматларидан яна бири–уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг атрофидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Ахир Қурьон бирдан тушса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.
Маьлумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турардилар, қийинчилик, машаққатларга учрардилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қурьон оятлари тушиб уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.
Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баьзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандоқ экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундоқ ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қурьоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига олиб келар эди.
Қурьони Каримнинг тарқоқ тушишлигининг энг улкан ҳикматларидан бири–унинг масдари, келиб чиққан жойига ишорат ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушса-да, ҳаммаси йиғилиб бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.
ҚУРЬОННИНГ ИНСОНЛАРНИ ОЖИЗ ҚОЛДИРИШИ
Қурьон араб ва бошқа халқлардан ўзига ўхшаган бирорта китобни ёки унинг сураларига ўхшаш бирорта сурани келтиришни таклиф қилганда, уларнинг барчаси бу ишдан ожиз қолиши ҳақиқатан ҳам Қурьон Аллоҳнинг каломи эканлигига ёрқин далилдир.
Қурьон тушишидан олдин ва хусусан, Қурьон тушаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеьр ва ваьзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, «Укоз» деган жойда шеьр айтиш ва ваьзхонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва улкан шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.
Арабларнинг бундай сўз усталигига икки сабаб бор эди: улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида ўзининг ҳурматини кўрсатиш учун ўзининг уста шоири бўлишига интилар эди. Шу билан бирга бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият бериб, шоир ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.
Шундай бир пайтда Қурьони Карим ўзининг ажойиб услуби, сеҳрли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон ярим оролидаги халқларнинг қалбига йўл топди.
Албатта, Қурьон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асарларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қурьон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қурьонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қурьон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди. Лекин кофирларнинг бошлиқлари янги динга киришдан ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига иймон келтиришдан бош тортиб, ҳақиқатга қарши бўлмағур нарсалар билан уруш очдилар. Улар Қурьонни шеьр, дедилар, аввалги ўтган кишиларнинг афсоналари, деб ҳам кўрдилар. Муҳаммад алайҳиссаломни эса гоҳида жинни, десалар, гоҳида фолбин, дедилар. Лекин улар бу билан ҳеч нарсага эриша олмадилар.
Арабларнинг одати бўйича, бир-бирларидан сўзда усталигини исбот қилмоқчи бўлсалар, бир-бирларини тортишувга чақирар эдилар. Шу одатга биноан Қурьон ҳам уларни ўзига ўхшаш бир нарса ёки суралардан бирига ўхшаш бир сура келтиришни талаб қилди. Шундай талабнинг бўлиши ва унинг Қурьонда зикр қилинишидан мақсад, бунга асрлар давомида тарих гувоҳ бўлсин, араблар ўзлари энг уста шоир ва ваьзхон бўлатуриб Қурьон чақириғи олдида ожиз қолганлари бардавом эслатиб турилсин, дейишлик эди. Ҳатто замонлар ўтиши билан бирор-бир мунофиқ, бузғунчи чиқиб, Қурьон арабларни ожиз қолдирган эмас, агар араблар хоҳласа, Қурьонга ўхшаш китобни туза олар эдилар, демаслиги учун шундай бўлди.
Бу борада Қурьон ўзига хос йўл тутиб, аввало араблардан Қурьонга ўхшаш бир нарсани ижод қилишни талаб қилди. Аллоҳ таоло Қурьони Каримда шундай дейди:
«Айт: «Агар гапингиз рост бўлса, сизлар Аллоҳнинг ҳузуридаги иккисидан ҳам ҳидоятлироқ бир китобни келтиринглар, мен унга эргашай», Агар талабингга жавоб бермасалар, билгинки, улар ҳавойи нафсга эргашган кишилар экан. Аллоҳнинг ҳидоятини қўйиб, ҳавойи нафсга эргашганлардан ҳам адашганроқ киши борми?! Албатта, Аллоҳ залолатга юрувчиларни ҳидоят қилмайдир».
Мана шу оятдаги талаб, Қурьондан бор-йўғи қирқ еттита сура тушган вақтда бўлган эди. Араблар Қурьонга ўхшаш китобни қандай қилиб тузишни билолмай ҳайратда қолдилар. Бунинг учун улар жуда кўп уриндилар, лекин қўлларидан келмади, ожиз қолдилар. Шунинг учун ҳам Қурьонниннг «Исро» сурасида, улар бу ишни асло бажара олмасликлари, балки барча инсонлар ва барча жинлар биргалашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қурьонга ўхшаш китобни келтира олмасликлари таькидлаб ўтилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Айт: «Агар инсу жинслар жам бўлиб, бир-бирига ёрдам бериб уринсалар ҳам, Қурьонга ўхшаш нарсани келтира олмайдилар».
Шундан сўнг, иккинчи босқичда, Қурьон улардан ўнта сура келтиришни талаб қилди. Бу борада «Ҳуд» сурасида шундай дейилади:
«Улар Қурьонни Пайғамбар ўзи тузиб олган дейдиларми? Айт: «Сизлар ўнта тўқима сура келтиринглар-чи бўлмаса. Ва гапингиз рост бўлса, Аллоҳдан бошқа барчани ёрдамга чақиринг, бу ишда». Агар улар у талабга жавоб бермасалар, билингларки, бу Қурьон Аллоҳнинг илми билан тушгандир. Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ. Сизлар мусулмон бўласизларми?!»
Лекин иймонсизларнинг барчаси ожиз қолди. Бунга тарих ҳозирги кунимизгача гувоҳдир. Шуни айтиб ўтиш керакки, Аллоҳ таоло улар Қурьоннинг сураларига ўхшаш ўнта сура келтиришдан ожиз қолганликларини Қурьоннинг илоҳий китоб эканлигига ва Ўзининг ягоналигига далил қилиб келтирди.
Учинчи босқичда, Қурьон улардан битта сура келтиришни талаб қилди. «Бақара» сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Агар Биз Ўз бандамизга туширган нарсамизда шак-шубҳаларингиз бўлса, агар гапларингиз рост бўлса, шунга ўхшаш битта сура келтиринглар. Бу ишда ўзингиз иймон келтирган илоҳларингизни ёрдамга чақиринглар. Агар буни қила олмасалар, албатта қила олмайдилар ҳам, ёнилғиси одамлар ва тошлардан иборат бўлган дўзахнинг азобидан қўрқинглар. Бу дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилгандир».
Бундай гапни, яьни унга ўхшаш нарсани ҳеч қачон келтира олмасликлари ҳақидаги ҳукмни ҳеч инсон айта олмайди. Чунки инсон ер юзида ўзидан кучли ёки ўзи билан тенг кучга эга шахснинг йўқ эканлигини ҳеч қачон билмайди. Шунинг учун ҳам юқоридаги гапга ўхшаш гапни айтишга тили бормайди. Лекин Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчидир. У зот Ўз бандаларининг Қурьонга ўхшаш нарсани келтира олмаслигини аниқ билгани учун бу гапни айтган ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқди.
Мана, бир неча аср ўтди, авлодлар кетидан авлодлар келди, қанча-қанча улкан уламолар, ёзувчилар, тил усталари, танқидчилар, барчалари ўз асарларида Қурьоннинг мўьжизакор эканини ва барча инсонлар унга ўхшаш нарса келтира олмасликларини тан олишдан бошқа иложлари бўлмади.
Қурьон Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўьжизасидир. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўьжизаси бўлган.
Фирьавн қавми математика, табиат ва айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган Пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўьжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканлигига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.
Ийсо Пайғамбар келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўьжизасини берди.
Ҳақиқатни айтганда, аввалги Пайғамбарларнинг мўьжизалари вақтинчалик мўьжизалар эди. Пайғамбар тириклик вақтида бу мўьжизалар ўз таьсирини ўтказиб туриб, улар вафот этгандан сўнг йўққа чиқар эди. Шу билан бирга, бу мўьжизалар ўша вақтдаги кишиларнинг ақлига мувофиқ бўлиб келар эди.
Ақл ривожланиб, турли илмлар эгалланиб, бу мўьжизаларнинг таьсири бўлмай қолганлиги сабабли кишиларнинг диний эьтиқоди ҳам сустлашар эди. Ислом динида эса, бошқа динларга қараганда фарқли равишда, бу дин ҳақиқатан Аллоҳнинг дини эканлигига мўьжиза–ҳужжат қилиб Қурьон келтирилди.
Бу китоб ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маьнолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қурьон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос бўлиб тушди. Ҳар қандай соғлом фикрли киши турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда Қурьонни ўрганса, албатта у илоҳий мўьжизакор китоб эканлигини тан олиши турган гап. Қурьон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам мўьжизакорлик ҳолида турибди ва қиёматгача тураверади.
“Тафсири Ҳилол” китоби
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.