Масжидлар Аллоҳникидир ( 1-қисм)
10629
16-07-2024, 10:17
386
Ўқиш режими
+
-
Маълумки,“масжид” сўзи арабча бўлиб, у “саждагоҳ”, “ибодат қилинадиган жой” деган маъноларни англатади. Бу сўзнинг маъноси ҳақида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Масжид(арабча)-сажда қилинадиган, намоз ўқиладиган жой, мачит; ибодатхона.Мусулмонларнинг жамъ бўлиб, ибодат қиладиган ибодатхонаси” дейилади.
Ер юзидаги барча саждагоҳлар Аллоҳ таолонинг уйларидир. Аллоҳ таоло “Қуръон Карим”да шундай марҳамат қилади:“ Ва дарҳақиқат, масжидлар Аллоҳникидир, шунинг учун Аллоҳдан ўзгага сиғинманг” (Жин сураси, 18-оят).Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да:“Ҳасан Басрий (р.а):“Аллоҳ таоло “масжидлар” деганда барча ибодатхоналарни назарда тутади” деганлар. Демак, ер юзидаги барча саждагоҳлар (масжидлар, аҳли китобларнинг ибодатхоналари)Аллоҳникидир! Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в).:“Менга ер саждагоҳ ва поклагувчи қилиб берилди”, деганлар. Шунинг учун ернинг ҳамма жойини Аллоҳ таолонинг Ўзи яратгани сабабли бу саждагоҳларда Аллоҳдан ўзгага сиғиниш,Унга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас” дейилади.
Масжидлар мўъмин-мусулмонларнинг жамоа бўлиб ибодат қиладиган жойларидир..“Ислом энциклопедия”сида:“Масжид, мачит(араб.-сажда қилнадиган жой)-мусулмонлар жамоа бўлиб намоз ўқийдиган жой, ибодат уйи. Масжидлар асосан кундалик беш вақт намоз ўқиш учун мўлжалланган.Жума ва ҳайит намозлари эса жоме масжидларда ўқилади”дейилади.
Ер юзида ҳидоят маёғи сифатида одамлар учун биринчи қурилган уй ҳам Аллоҳнинг уйи (Байтуллоҳ) дир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да:“Дарҳақиқат, одамлар учун қўйилган биринчи уй-Баккадаги муборак ва одамлар учун ҳидоят қилинган (уй)дир”. (Оли Имрон сураси, 96-оят). Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон” шундай дейилади:“Баккадаги биринчи уй”дан мурод, Байтуллоҳдир. “Байтуллоҳ” луғатда “Аллоҳнинг уйи”дегани. Байтуллоҳ дейилганда асосан Маккаи-мукарримадаги Масжидул-Ҳаром ва ундаги Каъба назарда тутилади. Айримлар бу номни бутун шаҳарга ҳам нисбат беришади. Умуман ер юзидаги барча масжидлар Байтуллоҳ, яъни Аллоҳнинг уйларидир”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) давриларида энг биринчи қурилган масжид Мадина шаҳри чеккасидаги Қубо масжидир. Қубо масжидидан кейин қурилган масжид Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Мадина шаҳридаги масжидларидир.
(давоми бор)
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими