Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор эта олмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.
Шу ўринда террорчиларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан ёшларни огоҳ этиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтириб ўтмоқчимиз:
- улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
- иймон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;
- ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли-исломий давлат қуриш ва шу мақсадда “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш ғояларини илгари суришади;
- ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;
- давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
- халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида уларнинг қийинчилиги ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;
- ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.
Бундан ташқари интернет воситаси орқали фирибгарлик қилиш ҳоллари, афсуски, жуда кўп учраяпти. Энг ачинарлиси, содда одамларнинг бундай фирибгарлар алдовларига ишониб, маълум миқдордаги пулларни ўзлари танимаган ва билмаган одамларга почта орқали юбориб, чув тушган ҳоллари кузатилмоқда. Фирибгарлар олдиндан турли хил мактублар йўллаб, телефон рақамларини маълум қилишади. Сўралган пуллар юборилгач эса, улар дом-дараксиз ғойиб бўлишади. Ана шундагина содда одамлар алданганларини билиб қолишади.
Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бериб, уларни диний – миллий қадриятлар асосида тарбиялаши, улар қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр-садоқат туйғусини кучайтириши, уларни хар-хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиши, муносиб ҳимоя қилиши жуда зарурдир.
Жалолов Турғун
Китоб туманидаги “Қўшчинор” жоме масжиди имом-хатиби