Яратганга шукрки, мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз.
Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таълим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неъмат – тинчлик боисидандир.
Минг афсуслар бўлсин, айрим нокас кимсалар катта-катта фитналарни қўзғаб вайронагарчилик, зулм ва зўравонлик билан тинч аҳолини қўрқувга солиб, минглаб оилаларни пароканда қилиб, қанчадан қанча шаҳар ва қишлоқларни барбод этишмоқда, бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлимига сабабчи бўлишмоқда. Улар ўзларига динни ниқоб қилиб, дин номидан қинғир ишларини қилаётган қонхўр ваҳшийлардир.
Тадқиқотчиларнинг айтишича, ана шундай қирғинбаротлардан вайрон бўлган давлатлар яна қайта тикланиши учун қарийб бир аср вақт керак бўлар экан. Бу ўртача икки инсонннинг ҳаёти демакдир. Бу қандай дахшат ва аянчли!
Шундай экан биз тинч ва осойишта мустақил диёрда яшаётганимизга беҳад шукрона айтиб, бу тинчликдек буюк неъматнинг қадрига етишимиз лозим бўлади. Тинчликнинг қадрига етиш деганда оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва яна шунга ўхшаш эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маъно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.
Жалолов Турғун
Китоб туманидаги “Қўшчинор” жоме масжиди имом-хатиби