Қуръон васфи
Ҳар нарсанинг ўзига яраша васф-сифатлаш мумкин. Аммо Қуръонни ҳаққона васф қилишда банда ожизлик қилади. Чунки У буюк Аллоҳнинг каломидир. Бу каломнинг васфини Аллоҳнинг элчиси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимиз айни муддаодир. Бу борада “Тафсири Ҳилол” китобдан катта иқтибос келтирамиз:
Қадрли тафсирхон, ўзингиз ўрганмоқчи бўлиб турган васфига сўз ожиз ушбу илоҳий дастурнинг моҳиятини яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун бутун вужудимизни эьтибор ва эҳтимом нуқтасига айлантирган ҳолда, ушбу китобни Аллоҳдан қабул қилиб олган зотга мурожаат қилиб, уни васф этиб беришларини сўрайлик. У зоти бобаракот бизнинг бу саволимизга Имом Термизий ал-Ҳорис ал-Аьвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф орқали жавоб берадилар: Ўша ҳадисда ал-Ҳорис ал Аьвар қуйидагиларни айтадилар:
«Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб:
«Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шунғибдилар», дедим.
«Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми?» дедилар у киши.
«Ҳа», дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар:
«Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Огоҳ бўлингизким, албатта фитна бўлур!» деганларини эшитдим. Шунда:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.
«Аллоҳнинг китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У–Аллоҳнинг метин арқонидир. У–ҳикматли зикрдир. У–сиротул мустақиймдир. У–унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, У–унинг ила тиллар тутилмайдиган, У–уламолар ундан тўймайдиган, У–кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиблари тугамайдиган нарсадир. У–жинлар уни эшитишлари билан дарҳол «Албатта, биз ажиб Қурьонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даьват қилса, сиротул мустақиймга ҳидоят қилинур. Мана буларни олгин, эй, Аьвар», дедилар».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтиб берган бу ҳадиси шарифда Қурьони Каримнинг васфи батафсил баён қилинмоқда. Азиз тафсирхон, келинг ушбу набавий васфни қўлимиздан келганча ўрганиб чиқайлик.
Ушбу ҳадисда севикли Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларидан кейинги даврларда фитна чиқишидан умматларини огоҳлантирмоқдалар.
Ҳазрати Алидек улуғ зот ва олим саҳобий эса, одамларнинг масжидда ўтириб олиб турли гапларга шўнғишларини ўша, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган фитна, деб тушунтирмоқдалар. Энди ўша ҳолат билан бизнинг ҳолатимизни солиштириб кўрайлик. Биздаги фитна ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хавф қилган фитнадан юз миллион марта ортиқ эмасми?! Ислом, Қурьон таьлимотлари бутунлай тарк қилиниб, одамлар неча замонлардан бери нафақат турли гапларга, балки дунёда борки гуноҳларга, ҳаром-харишларга, фисқу фужурларга, куфру нифоқларга шўнғигандан-шўнғиб юришмаяптими?!
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитна ҳақидаги огоҳлантиришни эшитишлари билан ўша фитнадан чиқиш йўлини сўрадилар. У киши бир марта муҳтож бўлсалар, бугунги кунда сиз билан биз бу йўлга юз миллион марта муҳтожмиз .
Келажакда мусулмонлар фитнага учрашидан огоҳлантирган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан чиқиш йўлини ҳам кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу нинг:
«Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули», деган саволига
«Аллоҳнинг китоби ила», деб жавоб бердилар.
Бугунги кунда мусулмонлар фитнага учраганлари шубҳасиз. Ҳа, бугун мусулмонлар ўзларининг узоқ тарихларида ҳеч учрамаган фитнага учраб турибдилар. Бугунги кун мусулмонлари иймону эьтиқод, дину диёнат, Қурьону шариатдан мисли кўрилмаган даража узоқлашиб турибдилар. Улар ададлари кўп бўлишларига қарамай ер юзининг бирор нуқтасида Аллоҳ уларга ишониб топширган омонатни уддалай олмаяптилар. Заминнинг бирор парчасида Аллоҳнинг шариатини Аллоҳ айтганидек қоим қила олмаяптилар. Дунёнинг ҳаммасини ҳидоятга бошлаб, етакчилик қилиши лозим бўлган мусулмонлар, хору зор бўлиб, ҳаммадан кейин қолиб, бировларнинг етовида юрибдилар. Гапнинг қисқаси, мусулмонлар ҳар томонлама фитнага учраганлар. Улар ушбу фитнадан қутулиб чиқмоқлари лозим. Фитнадан чиқиш эса, Аллоҳнинг севикли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таькидлаганларидек, фақатгина Аллоҳнинг китоби ила бўлади. Ҳа, бу улкан фитнадан чиқиш учун ҳар бир мусулмон ва барча мусулмонлар биргаликда Аллоҳнинг китоби Қурьони Каримга қайтишлари, уни маҳкам тутишлари лозим. Бунинг учун эса Қурьони Каримга бўлган иймонни мустаҳкамлаш, унинг ҳар бир ҳарфини қунт билан ўрганиш, энг муҳими, Қурьонга тўлалигича оғишмай амал қилиш лозим. Ана шундагина фитнадан чиқиб, саодат йўлини топиш ва олий мақсадга эришиш мумкин. Ҳа, мусулмонлар Қурьони Каримга тўлалигича оғишмай амал қилсаларгина ўзларининг олий мақсадларига эришишлари, бугунги фитнадан чиқишлари мумкин. Мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қилган тавсиялари шу. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун Қурьони Карим фитнадан чиқиш йўли бўлишини ҳам батафсил баён қилиб, шарҳлаб тушунтириб бермоқдалар. У зот ўз умматларига бу ҳақда қуйидагиларни айтмоқдалар:
1. «Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори»...бор.
Ҳа, Қурьони Каримда мусулмон уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан олдинги ўтган нарсаларнинг хабарлари бор. Бўлганда ҳам энг ишончли, энг тўғри, энг ибратли хабарлар бор. Мусулмонлар Қурьони Каримдаги ўша ўзларидан олдин бўлган нарсаларнинг ахборини ўқиб, ўрганиб, улардан ибрат олишлари матлуб. Мазкур ахборларда ким кофир, фосиқ, мушрик, осий, мунофиқ, саркаш бўлса, ҳалокатга учраши ҳақида сўз юритилади. Мусулмонлар улардан ибрат олиб, ўша ҳалокатга учраганларнинг қилмишларидан бирортасининг ҳам яқинига йўламасликлари лозим.
Мазкур ахборларда Аллоҳга, У зот юборган Пайғамбарларга, У зот нозил қилган китобларга иймон келтириб, У зот жорий қилган шариатларга амал қилганлар икки дунё бахту-саодатига эришганлари таькидланади. Мўмин- мусулмонлар бу ҳақиқатлардан ибрат олиб, Аллоҳга, У зотнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Роббил оламийннинг охирги ва абадий китоби Қурьонга бўлган иймонларини мустаҳкамлашлари ва сўнгги, мукаммал, баркамол илоҳий шариат Исломга тўла-тўкис амал қилмоқлари лозимдир.
Қурьони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймон-Ислом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл ҳавойи нафснинг, бу дунё муҳаббатининг, кофир, мушрик, мунофиқ ва бошқа дину диёнат душманларининг қаршилигини, турли тўсиқ ва машаққатларини енгиб юриш лозим йўл эканлиги таькидланади.
Муҳтарам тафсирхон, сиз билан биз мазкур ахборлардан ҳам ибрат олишимиз лозим. Иймон-эьтиқод, дину диёнат ва татбиқи шариат йўлидаги учрашимиз лозим бўлган ҳар бир қийинчиликларга ҳам тайёр бўлмоғимиз лозим.
Азиз ва қадрли тафсирхон, аввал ўтган ҳодисалардан ибрат олиш лозимлигини ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм қайта-қайта таькидлайди. Лекин ўша ибрат олиниши лозим бўлган қиссалар бир-биридан фарқли. Дунёда фақатгина сиз билан бизнинг, яьни мўмин-мусулмонларнинггина ибрат олишимиз лозим бўлган ўтмиш ҳақидаги қиссаларимиз энг тўғри ва энг ишончлидир. Биз ибрат оладиган ўтмиш қиссаларини ўтмишнинг, ҳозирнинг ҳамда келажакнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи айтиб берган. Биздан бошқалар ўтмиш қиссаларидан ибрат оламан деса, ёлғон-яшиқ, бидьат-хурофот, турли афсона ва дийдиёларга дучор бўладилар. Ҳозирги кунда Инжил ва Таврот номли илоҳий китобга эга эканликларини, уларда ҳам олдин бўлган нарсаларнинг ахбори борлигини даьво қилаётганлар бор. Аммо, ҳозирги Инжил ва Тавротлар Аллоҳдан қандоқ нозил бўлган бўлса, ўшандоқ ҳолида эмас, уларга кўплаб бузилишлар ориз бўлиб, асли илоҳийлик ҳоллари қолмаган. Айниқса айнан ўтмишдаги бўлиб ўтган ҳодисаларга тааллуқли жойларида бузилиш катта бўлган. Шунинг учун ҳам ўтмишдаги тарихий ҳодисаларни илмий асосда ўрганиб, Таврот, Инжил ва Қурьонга солиштириб чиққан ғарблик олимлар Таврот ва Инжилнинг бузилганлигини тушуниб етиб, улардан юз ўгириб, Қурьонга иймон келтирмоқдалар.
Ҳа, муҳтарам тафсирхон, дунёда фақат сиз билан бизгина олдин бўлиб ўтган нарсалар ҳақида тўғри маьлумотга ва улардан фойдали ибрат олиш имконига эгамиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога шукр қилайлик ва Роббимизнинг китобини қунт билан ўрганайлик.
Қимматли тафсирхон, жанобингизга маьлум бўлсинким, Қурьони Каримдаги бор нарсалар фақат биздан олдин ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссасидан иборат эмас. Мазкур ахборлар ичида Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратгани, бутун мавжудотларни яратгани, Одамни Ўз қўли билан яратиб, уни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиб қўйгани, Одамдан унинг жуфтини яратгани, Одам алайҳиссалом билан Шайтон алайҳи лаьна орасида бўлиб ўтган можаролар ва яна бошқа кўпгина нарсалар ҳам бор. Мазкур нарсалар билан батафсил танишиш, улардан ибрат олиш ва бошқа ишлар, ушбу «Тафсири Ҳилол»ингизни қунт билан ўқиб, зеҳн солиб тушуниш, дўстлар билан муҳокама-мунозара қилиш орқали бўлади.
2. «Унда сиздан кейинги нарсаларнинг хабари...бор».
Қурьони Каримдаги биздан-уммати Муҳаммадиядан кейинги нарсалар хабари, қиёмат қоим бўлиши, ҳамма ўлганлар қайта тирилиши, маҳшарга тўпланиши, бу дунёда қилган ишлари заррача ҳам қолдирилмай, ҳисоб-китоб қилиниши, иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар хурсанд, куфр келтирган ва фисқу-фужур қилганлар хафа бўлиши, мезон, кўприк, жаннат ва дўзах ҳамда шунга ўхшаш бошқа хабарлардир. Бу хабарларга иймон келтириш мўмин-мусулмон шахс учун иймоннинг арконларидан бир рукндир. Мазкур хабарларни Қурьони Каримда зикр қилиниши, уларни иймон рукнларидан бирига айлантирилишидан мақсад, кишиларни иймон, Исломга чақиришдир. Аллоҳнинг каломидан қиёмат ва унга тегишли нарсалар ҳақида маьлумот олган, унга иймон келтирган киши ўша кунга тайёргарлик кўриб яшашга ўтади. Мўмин ҳолида Аллоҳ буюрган ҳамма нарсаларга оғишмай амал қилади ва Аллоҳ қайтарган ҳамма нарсалардан қайтади.
Ҳа, муҳтарам диндошим, фақат сиз билан биз мусулмонларгина ўзимизни олдинда нималар кутаётганини биламиз, уларга иймон келтирамиз ва ҳозирдан тайёргарлигимизни кўриб борамиз. Бу ишда бизга Қурьони Карим ёрдамчи бўлади. Биз бу билан қанчалар фахрлансак оз. Чунки, биздан бошқалар бу имкониятга эга эмаслар. У бечораларнинг Қурьонлари йўқ. Олдиларида нима борлигини аниқ билмайдилар. Шунинг учун ҳам улар залолатнинг турли йўлларида юрибдилар. Бизга эса, бу масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб берган. Сиз билан биз эса, ўша илоҳий ечимни ўргансак бўлди, бошқа оворагарчиликнинг кераги йўқ. Бунинг учун Роббимизнинг каломини ўрганишимиз, қунт ва ихлос билан дарс қилиб ўқишимиз лозим ва лобуддир.
3. «ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор».
Ҳа, Қурьони Каримда сиз билан биз мусулмонларнинг орамиздаги барча нарсаларнинг ҳукми бордир. Ўша нарсалар ҳақида ҳукмнинг йўл-йўриқлари, қонун-қоидалари бордир. Мўмин-мусулмон ўз ҳаётининг ҳар бир соҳасида, каттаю кичик ҳар бир ишида фақатгина Ислом шариати ҳукми билан иш тутмоғи ҳам фарз, ҳам қарз. Мўмин-мусулмонлик даьвосини қилиб туриб ўз ҳаётидаги бирор нарсада Исломнинг ҳукмидан бошқанинг ҳукми билан иш тутмоқ мутлақо мумкин эмас. Бу нафақат шариатга, Қурьонга ва Суннатга, балки, соғлом ақлга ҳам тўғри келмайди.
Хўш, азизим, айтинг-чи, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзининг ҳар бир ишини муқаддас динимиз ҳукмига мос қилиши лозиму лобуд экан, бу мақсадга эришиш учун энг аввал нима қилиш керак? Албатта, аввало ўша ҳукмларни ўрганиш керак. Бу эса диний таьлимотларни ўрганиш билан юзага келади. Демак, сиз билан биз «Тафсири Ҳилол» орқали Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, айнан ўша олий мақом ишни амалга ошираётган бўламиз.
4. «У фосил қилувчидир, ҳазл эмасдир».
Ҳа, содиқул масдуқ сифати соҳиби бўлмиш, Муҳаммад ал-Содиқ лақабини олмиш ростгўй Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу қавлларида ҳам содиқ-ростгўйдирлар.
Зотан, Роббул оламийннинг Ўзи ҳам «Ториқ» сурасида Каломи Шарифни васф қила туриб:
«Иннаҳу лақовлун фасл ва маа ҳува билҳазл», яьни «Албатта у фосил қилувчи қавлдир, У ҳазл эмасдир», деб марҳамат қилган.
Қурьони Каримнинг фосил қилувчилиги-ажратувчилиги ҳақиқийдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб кўрсатиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ажратиб қўйган. Ана ўша ажримларни, оддий ажрим эмас, илоҳий–Қурьоний ажримларни билиб олишимиз учун Қурьони Каримни яхшилаб, зеҳн ва ихлос ила ўрганмоғимиз зарурдир.
Ҳа, Қурьон ҳазил эмас, Унда бирорта ҳам бефойда, каммаьно, ҳикматсиз сўз йўқ. Қурьони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаьно ва ўта ҳикматлидир. Сиз билан биз Аллоҳнинг каломини ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатларни ҳам доимо ёдимизда тутмоғимиз лозимдир. Ана шунда ўрганаётган нарсамизнинг қадр-қийматини ўз жойига қўйган бўламиз.
5. «Ким бир жаббордан қўрқиб Уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдиради».
Яьни, ким бирор томоннинг жабру-зулмидан қўрқиб Қурьони Каримни тарк қилса, Аллоҳ таоло ўша Қурьонни тарк қилувчининг умуртқа поғонасини синдириб, ҳеч нарсага ярамай, қимирлай олмасдан ётадиган қилиб қўяди. Бу, албатта, мажозий маьнодаги гапдир. Бирор жаббордан қўрқиб Қурьонни тарк қилганларнинг белларидаги умуртқа суяклари синиб ётиб қолмайдилар. Балки, улар бу дунёю у дунё ишларида уларни тўғри йўлга бошлаб, белларига қувват бўлган омилдан ажраган бўладилар. Майда-чуйда нарсаларни гапириб ўтирмасдан, кўз ўнгимиздаги оламшумул миқёсдаги ҳолатни олайлик. Қурьони Каримга амал қилиб бутун дунёга раҳбарлик қилаётган мусулмон уммати аста-секин Қурьон таьлимотларидан узоқлашиш оқибатида ўз мавқеини йўқотди. Кейин эса турли жабборлардан, хусусан, ғарблик мустамлакачи жабборлардан қўрқиб Қурьонни тарк этди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу умматни жиноятига муносиб равишда жазолаб, умуртқа поғонасини синдирди. Шундан буён бу уммат осмонга қараганича кўзини мўлтиратиб қимирлай олмай ётибди. Бу умматнинг сони кўп, бойликлари кўп, дунёнинг энг қулай ва энг бой ерларига жойлашган, лекин бойликларини бошқалар ташиб кетмоқда. У эса ҳеч нарса қила олмай ётибди. Хўш, бу оғир дарднинг давоси борми? Ислом уммати қандоқ қилиб ўз умуртқа поғонасини қайта ишга тушира олади? Жавоб битта. Буларнинг ҳаммаси Қурьон билан тузалади. Шунинг учун, азиз тафсирхон, Қурьонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим.