“Садақа- радди бало”
Халқимиз инсонларни хайрли ишлар қилишга ундаб: “ Садақа радди бало “ деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳ таоло йўлида сидқ ишларни амалга оширса, Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритади. Аллоҳ таоло розилигини қўлга киритган инсон эса ҳар қандай офат-балолардан омонда бўлади.
“Садақа” сўзи арабча “сидқ”, “содиқ” сўзларидан олинган бўлиб, “чин юракдан”, “ сидқи дилдан”, “иймон-эътиқодга мос ҳолда иш бажариш” деган маъноларини англатади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “ садақа” сўзига шундай изоҳ берилади: “ Садақа (арабча)-хайр, эҳсон, садақа, муҳтожларга бериладиган хайру-эҳсон ”.
Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонларни хайру-садақа қилишга буюриб шундай дейди: “ Мана, сизлар шундай кишилардирсизки, Аллоҳ учун инфоқ-эҳсон қилишга буюрилгансизлар. Бас, сизларни орангизда бахиллик қиладиган кишилар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, албатта у фақат ўз зиёнига бахиллик қилур”. ( Муҳаммад сураси, 38-оят). Инсон бахилликдан қайтиб, хайру-садақа қилишни Аллоҳ таолонинг буйруғи сифатида ўзида мужассам қилади.
Хайру-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Хайру-садақа қилиш билан инсоннинг молига барака киради. Ҳадис шарифда шундай дейилади: “ Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.
Хайру-садақа қилишлик билан инсон Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади. Икрима (р.а.) дан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага:
“Садақа қил, эй Ойша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради”, дедилар”.
Садақа қилиш билан инсон ўзига келаётган ёмонликларни даф қилади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар”. Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.
Қилаётган хайру-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!
Р. Акбаров.