Баъзан айрим кишиларнинг ирим-сиримларга берилган ҳолда йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтса, бир фалокат юз беради деяётгани, шом вақтида қичқирган хўрозни ҳам бехосият уни сўйиш керак, деганга ўхшаш гапирашаётганига дуч келасиз. Булар ҳам ирим-сиримларнинг бир кўриниши бўлиб, улар бемаъни нарсалардир.
Инсон ирим-сиримларга йўлиққанда, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб дуо қилиши лозим. Ҳадисда: "Қайси бирингиз одамлар шумланадиган бирор нарсани кўриб қолсангиз шундай деб дуо қилинг: "Эй Аллоҳ! Яхшиликни фақат Ўзинг келтира оласан ва ёмонликларни даф қилгувчи ҳам фақат Ўзингсан, куч ва қувват ҳам фақат сендадир " дейилади.
Пайғамбар (с.а.в.): “Умматимнинг ажралмас уч хусусияти бор: Шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик. Шунда бир одам: "Ё Расулаллоҳ, кимда шу хислатлар бўлса, уни қандай кетказади?"-деб сўради. Пайғамбар (с.а.в.): "Қачон ҳасад қилсанг Аллоҳга истиғфор айтгин. Қачон гумон қилсанг уни тасдиқламагин, қачон бир нарсадан шумлансанг парво қилмай ўз ишингда давом этавер" дедилар.
Ирим-сиримлар бидъат-хурофотдир. Бидъат-хурофот эса бизни залолатга бошлайди. Шу сабабли ирим-сиримлардан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Ирим-сиримлар инсонларни адаштиради, хайрли ишларни кечиктиради. Инсонлар ўртасида турли хил келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Жамият кишилари орасида хотиржамлик, осойишталикка путур етказади. Шу сабабли ҳар хил ирим-сиримлардан узоқ бўлайлик.
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими