МОЬУУН СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 7 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг охирги сўзидан олингандир. «Моьуун» сўзи ҳақида уламоларимиз бир неча хил маьнолар айтганлар. Аввало, уламоларимиз луғавий жиҳатдан «Моьуун» оз-арзимаган нарса маьносини анлатишини айтишган. Бу сурадаги маьно ҳақида эса, баьзилари, «моьуун»дан мурод, закот, бошқалари, хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар, дейишган.
Бу сураи карима динга эьтиқоди йўқ, охиратдан умиди йўқ одамнинг аломатларини баён қилади. Сўнгра баьзи бир Ислом амалларини адо этиб юрувчи, масалан намоз ўқиб юрувчи, лекин ўзи Ислом ҳақиқатидан узоқ шахслар ҳақида сўз юритади.
Моьуун сураси ўзи қисқа бўлишига қарамай улкан ҳақиқатни–иймон ва куфр ҳақидаги тушунчани муолажа қилди.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Охират(жазоси)ни ёлғонга чиқарувчини кўрдингми?
Яьни, охират жазосини ёлғонга чиқарувчи одам қандоқ одам бўлишини биласанми? Унинг сифатлари қандоқ бўлишини билишни хоҳлайсанми?
2. У етимни қўполлик билан ҳайдайдир.
Яьни, ўша охират жазосини ёлғонга чиқарувчи киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Етим одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди. Шунинг учун ҳамАллоҳ таоло охиратни ёлғонга чиқарувчиларнинг аввалги сифатини бундоқ сифатлади.
3. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир.
Одатда, ўзгаларни таом беришга қизиқтирмаган ўзи ҳеч қачон бермайди. Бу ҳам динсизларнинг аломати экан. Мусулмонлар эса муҳтожларга доим ёрдам берадилар. Шу билан бирга бошқаларни ҳам мискинларга яхшилик қилишга, уларга таом беришга қизиқтирадилар. Эьтибор берадиган бўлсак, ушбу ояти каримада микинларга таом беришга бошқаларни қизиқтирмаслик катта айб сифатида зикр қилинмоқда. Шундоқ бўлганидан кейин имкони бўлиб туриб, мискинларга таом бермасликнинг ўзи қанчалик гуноҳлигини билиб олаверса бўлади.
Энди намознинг ҳақиқатидан ғофил намозхонлар азобу ҳалокатдан қўрқитилади.
4. Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки.
5. Улар намозларини унутувчилардир.
Яьни, намознинг маьноларини, ҳикматларини, инсон виждонининг поклигини, қалбда марҳамат-шафқатни қўзишини унутганларнинг ҳолига вой, жойи жаҳаннам.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида: «Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради» деган. Ким намоз ўқиса-ю, ёмон ишлардан қайтмаса, у намозини унутганлар жамоатидан бўлади.
Ушбу оятлар маьноси ҳақида муфассирларимиз бир қанча таьвийллар айтганлар.
Абул Олия, булар, намозни ўз вақтида ўқимайдиганлар, рукуь ва саждаларини яхшилаб, батамом қилмайдиганлар, деган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу шундоқ намозхонки, у ўзи ўқиган намозидан савоб умид қилмайди ва уни ўқимаса иқобидан қўрқмайди», деганлар.
Ибн Жарир Табарий келтирган ривоятда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралганда, улар намозни ўз вақтидан орқага сурадиганлар, деганлар.
Муфассирларимиз ушбу жумладаги келишик қўшимчаларга ҳам алоҳида эьтибор берганлар. Оятда «Ан солатиҳим саҳуун»–«намозларини унитувчилар», дейилмоқда, «фии солатиҳим»–«намозларида»-дейилмаяпти. Шундан оятда мунофиқлар ҳақида сўз кетаётгани келиб чиқади. Чунки, мўмин киши ҳам намоз ичида баьзи нарсаларни унутиши мумкин. Лекин унутиш билан унутишнинг фарқи бор. Мунофиқнинг намозни унутиши ўқимаслик, унга эьтиборсизлик қилиши ила бўлади. Мўмин эса намознинг ичида бирор нарсани унутиб хатога йўл қўйса саҳв саждаси қилиб дарҳол тўғрилайди.
Бундан сўнг ушбу оятда зикр қилинганлар мунофиқлар эканлигига келаси икки оят ҳам далилдир.
6. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.
7. Ва моьуунни ман қиладиганлардир.
«Моьуун»ни баьзи тафсирчилар закот дейдилар, бошқалари эса хўжаликда керак бўлиб турадиган асбоб-анжомлар дерлар.
Ислом сатхий, зоҳирий нарсалар дини эмас. Балки ихлос ва амал динидир. Ибодатлар ихлос билан бўлмаса, эгасини яхши ахлоқ ва омилларга бошламаса, ҳақиқий бўлмайди. Инсон тили билан мусулмонман дейиши, баьзи Ислом амалларини адо этиши, намоз ўқиши мумкин, лекин ҳақиқий мусулмон бўлса, иймон аломатлари унинг юриш-туришида, муомаласида, гап-сўзида, ишида, одоб ахлоқида–ҳамма-ҳаммасида кўриниб туради.