Диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар
Жорий йилнинг 18-ноябрь куни Қашқадарё вилоятига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон Кадиров, Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи И. Зухриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи М. Камолов, Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Ж. Хатамовлар ташриф буюрдилар.
Уламолар ташриф аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Кушаков ва вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар билан биргаликда Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари билан жонли учрашув ўтказилди.
Устоз Зайниддин Эшонқулов талаба ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда авваламбор Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг дуо ва саломлари ҳамда эзгу тилакларини етказди. Шундан сўнг бугун муҳтарам юртбошимиз томонларидан диний соҳага берилаётган эътибор ҳақида гапирар экан, диний таълим муассасасида таълим олаётган ёшлар яратилган барча имкониятлардан унумли самарали фойдаланиб қолишлари ҳамда турли хил ёт ғоялардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги уқтирилди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, фиқҳ, ҳадис, ақида, қуръоний илмлар ҳамда бугунги кундаги диний-маърифий жараёнларга оид қизиқарли маълумотлар олдилар. Учрашув иштирокчилари ўқув юртидаги мавжуд шароитлар, янги лойиҳалар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган таълимий-тарбиявий ишланмалар ҳақида ҳам хабардор этилиши билан аҳамиятли бўлди. Ташриф давомида ислом таълим муассасасининг янги ўқув биноси билан танишдилар.
Шундан сўнг, тумандаги “Хожа Бухорий” масжидининг янги биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишилди. Қурилиш жараёни, амалга оширилаётган ишларнинг сифати ва лойиҳанинг босқичлари кўздан кечирилди. Ташриф давомида масжид равнақи, бунёдкорлик ишларининг барқарор кечиши ҳамда яхшиликлар қўшилиши ниятида хайрли дуолар қилинди.
Куннинг иккинчи яримида Шаҳрисабз шаҳридаги "Ойша она" масжидига ҳам ташриф буюриб, масжид фаолияти ва жамоат учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Уламоларнинг вилоят бўйлаб амалга ошираётган ишчи ташрифи режага мувофиқ давом этмоқда.