Бугунги кунда ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибаларини ошириш масаласи барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 13 январь санасида Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов иштирокида 2024-2025 ўқув йилида диний таълим муассасаларини муваффаққиятли тамомлаб, масжидларда хизмат вазифасига тайинланган соҳа ходимлари билан очиқ мулоқот учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва тажрибаларини оширишдан иборат бўлди.
Учрашув давомида вилоят бош имом-хатиби соҳа ходимларининг ҳол-аҳволи, хизмат фаолияти, жойларда аҳоли, айниқса ёшлар билан ишлашда дуч келаётган масалалари билан қизиқди.
Мулоқот чоғида диний соҳа ходимларига юклатилган масъулият, жамоат билан муомала маданияти, маънавий-маърифий тадбирларни замон талабларига мос равишда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, диний билимларни мунтазам ошириш, китоб мутолааси, ахборот маконида фаол бўлиш, турли ёт ғояларга қарши маърифат билан жавоб бериш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Вилоят бош имом-хатиби ўз нутқида ёш имомлар келажакда соҳанинг таянчи эканини таъкидлаб, улардан доимий изланиш, ҳалоллик, сабр-тоқат ва фидойилик талаб этилишини қайд этди.

Учрашув якунида соҳа ходимлари бундай очиқ мулоқотлар уларнинг касбий ва маънавий ривожида муҳим аҳамият касб этишини билдириб, билдирилган маслаҳат ва кўрсатмаларни амалиётга татбиқ этишга тайёр эканликларини таъкидладилар. ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати.