Тарбия ҳозирги кунда ҳаётимизнинг бош мезони бўлиб қолди, чунки у – келажак мевасидир. Шундай экан, ақл идрокимизни, фаҳму-фаросатимизни ишга солиб, дунё ва охират саодатига эришайлик. Азалдан болажон халқимиз уларни севиш билан бир қаторда уларнинг тарбиясига ҳам катта эътибор бериб келганлар. Фарзанд тарбияси, энг аввало, ота-она зиммасидадир. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шундай деганлар: “Ота-онанинг ўз фарзандига берган яхши таълим-тарбияси ва одобидек фазилатли ҳадя йўқдир”. Дарҳақиқат, ота-онанинг ўз фарзандига меҳри беқиёсдир. Тарбияни ҳам шу меҳр нурига пайваста қилиб, мурғак қалбларга сингдириш лозим. Фарзандларда катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ширинсуханлик каби олий сифатларнинг мужассам бўлиши ҳам муҳим омиллардан ҳисобланади.
Ҳар бир ота-она фарзандининг дўсти кимлигига ҳам катта эътибор бермоғи лозим. Уни ёмон улфатларга қўшилиб, нобакор кимсалар билан суҳбатдош бўлиб қолишдан асраши керак.
Охирги пайтларда кўпинча катталарнинг ёшлардан шикоятини эшитиб қоламиз. Ёшларнинг катталарга бўлган ҳурматсизлиги, салом бериш каби улуғ ва савобли фазилатларнинг камайиб бораётганлиги, шарм-ҳаё, муомала одоби, ўзбек халқининг ўлмас қадриятлари ўрнига оммавий маданият таъсирига кириб қолаётганларидан нолийдиганлар учраб туради. Тўғри, ҳамма айбни ёшларга тўнкаш – осониш, лекин бу билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бу иллатларнинг ёшларимиз ҳаётига кириб қолишидан асраш – аввало ота-онанинг бурчи, мураббий, ўқитувчилар ва қолаверса маҳалла фаолларининг олдида турган энг муҳим вазифа ҳисобланади.
Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Бу йўлда тўғаноқ бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. Аммо айрим оилаларда боланинг рисоладагидек инсон бўлиб етишувида тарбия биринчи восита экани эътибордан четда қолади.
Болаларимизга нисбатан ўта меҳрибонлик, уларни ортиқча суйиш, қилиқларининг яхши-ёмонлигига эътибор бермасдан эркалатиш ёки бўлмаса аксинча, болага нисбатан қўпол муомалада бўлиш, калтак билан тарбиялаш, унинг қизиқиш ва орзу-истакларига бепарво қараш каби иллатлар болаларнинг ёмон хулқ касб этишларига сабаб бўлади.
Наргиза Садатова,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
вакиллиги хуқуқшуноси