Жамият тараққиёти, аввало, таълим сифати билан белгиланади. Таълим сифати эса ўқитувчининг билимдонлиги, шахсияти ва касбий маҳоратига боғлиқ. Ахборот тез алмашадиган, технологиялар жадал ривожланаётган бир даврда ўқитувчи фақат билим берувчи эмас, балки тарбиячи, йўлбошчи ва илҳомлантирувчи шахс бўлиши талаб этилмоқда. Шу боис “замонавий ўқитувчи қандай бўлиши керак?” деган савол ҳар бир таълим даргоҳининг марказида турибди.
Замонавий ўқитувчи ўз фанини чуқур билиш билан чекланиб қолмайди. У янги педагогик методлар, интерактив усуллар ва ахборот технологияларини мунтазам ўзлаштириб боради. Чунки бугунги ўқувчига эски услуб билан билим бериш самарасиз. Ўқитувчи ҳаёти давомида ўқувчи бўлиб қолиши лозим.
Ўқитувчи фақат дарс берувчи эмас, балки ўқувчилар учун ахлоқий намуна ҳисобланади. Муомала маданияти, адолат, сабр-тоқат ва масъулият – замонавий ўқитувчининг ажралмас фазилатларидир. Чунки бола кўп ҳолларда эшитганидан кўра кўрганидан таъсирланади.
Бугун таълим рақамли майдонга кўчмоқда. Онлайн дарслар, электрон платформалар, сунъий интеллект воситалари – буларнинг барчасини ўқитувчи тўғри ва мақсадли қўллай олиши керак. Аммо технология мақсад эмас, балки таълим самарадорлигини ошириш воситаси эканини унутмаслик лозим.
Ҳар бир бола ўзига хос иқтидор ва характерга эга. Замонавий ўқитувчи ўқувчини маълум қолипга солмайди, балки унинг қобилиятини очиб беришга ҳаракат қилади. Индивидуал ёндашув – муваффақият калитидир.
Таълим фақат мактаб деворлари ичида чекланмайди. Оила ва жамият билан ҳамкорлик қилган ўқитувчи тарбияда яхшироқ натижага эришади. Шу боис замонавий ўқитувчи мулоқотчи ва ташаббускор бўлиши керак.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий ўқитувчи – билимдон, замон билан ҳамнафас, технологиялар бўйича етарли билим ва малакага эга, ахлоқан баркамол, тарбиячи ва ўқувчиларни илҳомлантирувчи шахсдир. У келажак авлодни тарбиялар экан, аслида бутун жамият келажагини шакллантиради. Шу сабаб ўқитувчи касби энг улуғ ва энг масъулиятли касблардан бири бўлиб қолаверади.
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон