1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Китоб мутолааси маданиятини қайта тиклаш

21-01-2026, 13:47 122 Ўқиш режими + -

Инсоният тарихида илм ва маърифат ҳар доим тараққиётнинг асоси бўлиб келган. Ислом дини ҳам илмга алоҳида эътибор қаратган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи!” деб бошланиши илм ва мутолаанинг нақадар улуғ эканини кўрсатади. Аммо бугунги рақамли дунёда инсонлар кўпроқ қисқа ахборотлар ва кўнгилочар нарсаларга берилиб, мутолаадан узоқлашаётгани кузатилмоқда. Шу боис китоб ўқиш маданиятини қайта тиклаш жамият олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Китоб – илм ва тафаккур манбаи эканига асло шубҳа йўқ. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”
 
(Зумар сураси, 9-оят)

Китоб мутолааси инсонни билимли қилади, тафаккурини чархлайди, нутқини равонлаштиради. Мутолаа қилган киши ҳаётни чуқурроқ англайди ва тўғри қарор чиқариш қобилиятига эга бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илм талаб қилишни фарз даражасига кўтарганлар:

“Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. (Ибн Можа ривояти).

Демак, китоб ўқиш нафақат маданий одат, балки диний бурч ҳамдир.

Шу ўринда бугунги рақамли асрда мутолаанинг пасайиш сабаблари борасида ҳам айрим фикр ва мулоҳазаларимиз билан ўртоқлашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Сир эмаски телефон ва интернет инсон диққатини тез чалғитади. Қисқа видеолар узоқ мутолаага бўлган сабрни камайтиради. Натижада ёшларда чуқур ўқиш ва таҳлил қилиш қобилияти заифлашмоқда.

Қуръонда эса бундай бепарволикдан огоҳлантирилади.

فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَا أَوْ آَذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَا

“(ана ўшанда) улар учун идрокли қалблар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди”. (Ҳаж сураси, 46-оят)

Китоб мутолааси айнан тафаккурни уйғотувчи энг самарали воситадир.

Китобсевар авлод, аввало, китобсевар оиладан етишади. Болалар кўпроқ кўрганига тақлид қилади. Агар уйда ота-она китоб ўқиса, фарзанд ҳам шу одатни қабул қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

“Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўли остидагилар учун жавобгарсиз”.
 (Бухорий ва Муслим ривояти).

Демак, ота-она фарзандининг маънавий тарбияси учун масъул. Китобга муҳаббат ҳам шу тарбиянинг бир қисми ҳисобланади. Шунингдек мактабларда китобхонлик танловлари, мутолаа соатлари ва кутубхона фаолиятини кучайтириш ёшларни китобга қайта ошно қилади. Китоб ўқиган инсон маънавий жиҳатдан бойийди, ҳаётга сабр ва ҳикмат билан қарайди.

Хулоса қилиб айтганда, китоб мутолааси маданиятини қайта тиклаш бу таълим ислоҳоти эмас, балки маънавий уйғонишдир. Китоб ўқиган авлод онгли, ахлоқли ва тараққий этган жамият пойдеворидир. Шу боис ҳар биримиз ҳаётимизда китобга алоҳида вақт ажратишни одат қилишимиз зарур.

 

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон