Оила – жамиятнинг энг муқаддас ва мустаҳкам пойдеворидир. Оиланинг барқарорлиги эса бутун жамият тинчлигига бевосита таъсир кўрсатади. Бугунги кунда ажримлар сонининг ортиб бориши нафақат ҳуқуқий, балки маънавий муаммога айланмоқда. Шу боис ажримларнинг олдини олишда қонун эмас, аввало, маънавият ва ахлоқий тарбия ҳал қилувчи ўрин тутади.
Қуръони каримда никоҳ оила қуришнинг муқаддас аҳди экани таъкидланади.
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз”. (Нисо сураси, 19-оят)
Бу оят эр-хотин муносабатининг асоси ҳурмат ва яхшилик эканини кўрсатади. Агар оилада маънавий муҳит мустаҳкам бўлса, келишмовчиликлар ажримгача етиб бормайди.
Кўп ҳолларда ажримларнинг сабаби молиявий ёки маиший муаммолар эмас, балки сабрнинг етишмаслиги, ўзаро ҳурмат ва масъулият ҳиссининг йўқолиши ҳамда маънавий тайёргарликсиз оила қуриш каби ишлар бўлиб чиқади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: وَخَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِنِسَائِهِمْ رواه أبو داود والترمذي
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Энг яхшиингиз – оиласига энг яхши муомала қилганингиздир”.
(Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Демак, оила бахти аввало инсоннинг ахлоқига боғлиқ. Маънавий етук инсон қийинчилик олдида дарров таслим бўлмайди. У сабр қилади, муаммони мулоқот орқали ҳал қилади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади.
إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ
“Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. (Бақара сураси, 153-оят)
Сабр ва ҳикмат билан ёндашилган ҳар қандай оилавий муаммо ечим топади. Кўп ёшлар оила қуришга моддий жиҳатдан тайёрланади, аммо маънавий ва руҳий тайёргарлик етарли бўлмайди. Натижада арзимаган келишмовчилик катта низога айланади.
Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳ менинг суннатимдир”, деганлар.
Суннатга мувофиқ никоҳ эса фақат маросим эмас, балки масъулият ва маънавий аҳддир. Фарзандга болаликдан одоб, сабр ва ҳурмат ўргатилса, у келажакда оиласига содиқ бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ажримларнинг олдини олишда энг кучли қалқон маънавиятдир. Сабр, ҳурмат, масъулият ва тўғри диний-ахлоқий тарбия мавжуд бўлган оилада ажрим охирги ечим сифатида кўрилмайди. Зеро маънавий соғлом оила – соғлом жамият асосидир.
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Қодиров Омон