Бугунги кунда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик муаммоси дунё миқёсида долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу иллат нафақат инсон ҳуқуқларининг бузилишига, балки оила барқарорлиги ва жамият маънавий муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Зўравонлик турли шаклларда — жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий кўринишда намоён бўлиши мумкин. Айниқса, оилавий муҳитда содир бўладиган тазйиқлар кўп ҳолларда яширин қолиб, жабрланган аёлларнинг жамиятдан узоқлашувига, руҳий изтиробларга олиб келади. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатишга қаратилган қатор қонунлар ва дастурлар амалга оширилмоқда. Ишонч телефонлари, реабилитация марказлари ва профилактик тадбирлар орқали жабрланган аёлларни қўллаб-қувватлаш тизими изчил ривожлантирилмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасалари ва маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, ёш авлод онгида тенглик ва ҳурмат тамойиллари мустаҳкамланмоқда.
Зўравонликка қарши курашда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Бу жараёнда жамоатчилик, оила, маҳалла ва ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки талаб этилади. Бефарқлик зўравонликни кучайтиради, муросасизлик эса унинг олдини олади.
Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш — барқарор ва соғлом жамият сари ташланган муҳим қадамдир. Ҳар биримиз ўз муносабатимиз, тарбиямиз ва фаоллигимиз билан бу муаммонинг ечимига ҳисса қўша оламиз. Зеро, зўравонликсиз жамият — бахтли келажак демакдир.