Оила мустаҳкам бўлса, жамият тинч ва фаравон бўлади. Оила мустаҳкамлигига путур етказиш эса, жамиятга зарар етказишдир.
Айрим ёшлар тажрибасизлик қилиб оилани ажримлар ёқасига олиб бориб қўймоқдалар. Айрим эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда шундай дейилган яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”, – дедилар. У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривоятлари).
Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Тилга эрк бериб, ноўрин “талоқ” сўзини айтган ёхуд унда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ” ёки “қум талоқ” каби иборалар ила хотинига талоқ қилган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади.
Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эрлар аёллари билан муносабатлари бузилса, “Мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан ҳам таъминламайман, талоғини ҳам бермайман”, дейди. Бунда аёл на оилали бўлмай, на эридан ажрала олмай, йиллаб аросатда қолиб кетмоқда. Бундай қилишдан қайтариб Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган: яъни: “...Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).
Аёлларга бундай зулм қилиш шариатимизнинг барча кўрсатмаларига зиддир.
Оилавий ҳаёт кечириш динимиз кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади.
Мансурхон Караматов
Қарши туман “Гумбаз” масжиди имом хатиби