Қуръони Карим айнан Рамазон ойида нозил қилинган. Шу сабабли бу ой Қуръон ойи деб ҳам аталади. Рамазон давомида Қуръон тиловат қилиш, дуо ва зикрлар билан машғул бўлиш савобли амаллардан ҳисобланади. Бу ойда қилинган яхшиликлар учун ажр-савоблар бир неча баробар зиёд қилиб берилади.
Рамазон ойининг энг улуғ кечаларидан бири — Қадр кечасидир. Бу кеча минг ойдан афзал ҳисобланиб, унда қилинган ибодатлар жуда катта савобга эга бўлади. Шунинг учун мусулмонлар бу кечани ибодат ва дуо билан ўтказишга алоҳида эътибор қиладилар.
Рамазон ойи инсонларда меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ёрдам туйғуларини мустаҳкамлайди. Бу ойда камбағал ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, садақа ва закот қилиш фазилатли амаллардан саналади. Рўза тутиш инсонни сабр-тоқатли, ирадали ва шукр қилувчи бўлишга ўргатади.
Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойи — инсон қалбини поклайдиган, иймонни мустаҳкамлайдиган ва яхшиликка чорлайдиган улуғ ойдир. Бу муборак ойдан тўғри фойдаланиб, ибодат ва эзгу амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Азамат УСМОНОВ