Кибр — инсоннинг ўзини бошқалардан устун қўйиши, ўзини ҳаддан ортиқ улуғлаши ва атрофидагиларни менсимаслигидир. Ислом таълимотида кибр энг ёмон ахлоқий иллатлардан бири сифатида қораланади. Чунки кибр инсонни ҳақиқатдан узоқлаштириб, залолатга олиб боради.
Кибрли инсон ўз хатосини тан олмайди, насиҳатни қабул қилмайди. У доимо ўзини ҳақ деб билиб, бошқалар фикрини инкор этади. Бу эса инсонни илмдан, ҳақ йўлдан ва тўғри қарор қабул қилишдан маҳрум қилади. Иблиснинг лаънатланишига ҳам айнан кибри сабаб бўлгани маълум.
Кибр инсон қалбини қорайтиради, унинг ахлоқини бузади. Бундай одамларда раҳм-шафқат, камтарлик ва меҳр туйғулари сўниб боради. Жамиятда эса кибр адоват, низо ва бир-бирини менсимасликка сабаб бўлади.
Кибрнинг зидди — тавозедир. Тавозе инсонни улуғлайди, унинг қадрини оширади. Камтар инсон одамлар орасида ҳурматга сазовор бўлади, Аллоҳ наздида ҳам мартабаси юксалади. Шунинг учун инсон доимо ўз нафсини назорат қилиб, кибрдан узоқ бўлишга ҳаракат қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, кибр инсонни залолатга етакловчи хатарли иллатдир. Ундан сақланиш, тавозе ва камтарликни ҳаёт тарзига айлантириш ҳар бир инсон учун муҳим вазифадир.
Алимардон КАРОМАТОВ, Китоб туман "Шайхон" масжиди имом-ноиби