1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАРЪИЙ НИКОҲ ОДОБЛАРИ

3-02-2026, 08:54 163 Ўқиш режими + -
Маълумки, Аллоҳ таоло оламдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда алоҳида ояти карималар нозил бўлган. Жумладан: яъни: “Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”.
Ҳақиқатан, ҳайвонот, наботот (ўсимлик) дунёсидан тортиб парранда-даррандаларнинг ҳаммаси эркак-аёл жинслардан иборат бўлиб, илоҳий қонун-қоидаларга биноан табиий равишда насл қолдириш ҳаракатида бўладилар. Булар ичида инсоният дунёда ўзи учун энг олий мақомни эгаллаганлиги билан яшаш, турмуш қуриш, зурриёт қолдириш ҳусусида ўзига хос йўлдан боради. Зеро, инсон ақлли мавжудот. У ақл-идрокидан ташқари ўзи эътиқод қилган дин аҳкомларига ҳам амал қилган ҳолда яшайди.
Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (сав)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.
Қуръони каримда оиланинг муқаддаслиги ва илоҳий бошқарув остидагилиги тўғрисида Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади: яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Шунингдек, никоҳ Пайғамбаримиз ва барча пайғамбар (а.с.)ларнинг суннатидир. Абу Айюб (рз.)дан ривоят этилган ушбу ҳадисда Расули акрам (сав) бу ҳақда шундай дейдилар:  яъни: “Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, мисвок ва оила қуриш”.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки тамоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда аввал қиздан, сўнгра йигитдан розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар эшитишлари никоҳнинг асосларидан қилиб белгиланган.
Ислом шариатида умр йўлдошини танлашда ҳар икки томон ҳам тенг ҳуқуққа эга. Ҳанафий уламолар оила барқарор бўлиши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқиши учун ҳар икки томон бир-бирига ҳамма жиҳатдан яқин бўлиши шарт деганлар. Яъни, иқтисодда, одоб-ахлоқда, турмуш тарзи ва бошқа жиҳатларда ўзаро тенг ёки яқин бўлишса, бир-бирларини тезда тушуниб кетадилар.
Биз-мусулмонлар шу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга ҳам қатъий амал қилиш зарур бўлади.
Никоҳдан ўтиш маросими бизнинг диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга оширилиб келинган. Шаръий никоҳдан ўтиш учун ислом динимизда келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир неча шарт ва одоблар бор.
Энди никоҳ маросимларида бўладиган харажатларга келсак, унда шариатимиз кўрсатмасига биноан, асосий харажат маҳр ҳисобланади. Маҳрни куёв беради. У бўлғуси келиннинг мулки бўлиб, уни на отасининг ва на куёвнинг олишга ҳаққи йўқ. Мабодо қиз ўз ихтиёри билан берса, унда олса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони мажидда шундай марҳамат қилган: яъни: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингиз”.
Маҳрнинг миқдори қатъий эмас, ҳар қайси юртда, одатда ўша келинга ўхшаган дугоналарига қанча маҳр берилса, бунга ҳам шу миқдорда берилади, дейилган.
Ҳанафий мазҳабимиз кўрсатмасига кўра, никоҳ пайтида маҳр тўғрисида ҳеч нарса айтилмаса ҳам “маҳр мисл” – яъни ўша жойда одатда қанча маҳр берилаётган бўлса, куёвнинг зиммасига ўз-ўзидан ўша миқдордаги маҳр вожиб бўлаверади. Ўз маҳридан кечиб, эрини рози қилган аёлларга Аллоҳ таоло ажру савоблар ато қилиши ваъда қилингани муқаррардир.
Никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймасдан халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилиш, икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримиз кўрсатмаларидандир. 
Никоҳда ҳозир бўлганлар, зиёфатга келганлар келин-куёвга Аллоҳ таолодан хайру барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз (сав) қолдирган суннат амаллардандир.
Ҳозирги кунларда баъзи холатларда ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартларини сўраб-суриштирмай ёшларга никоҳ ўқилиши натижасида ёш оилалар ажрашиб, ўртада гўдаклар етим, она эса бир умрга бебахт бўлиб қолмоқда.
Никоҳ, оила масаласида доимо мана шундай воқеалар содир бўлиб турганлиги сабабли, ўғил-қизларимизни ота-оналари ўз фарзандларини ёши жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига қаноат хосил қилиб, сўнгра расмий имом домлалар иштирокида никоҳлатиб олишлари шарт. Бу ўринда ҳукумат қонунида белгиланган балоғат ёшини эътиборга олиш ўринлидир.ФҲДЁ гувоҳномаси бўлишлигини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш лозим.
Шу билан бир қаторда бевосита никоҳ ва оилага алоқадор бўлган бир шаръий масала, талоқ масаласи ҳам борки, уни ҳам эътибордан четта қолдириб бўлмайди. Ёшларимиз шариатни ушбу нозик масаласига енгил қарамоқдалар, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. “Талоқ” сўзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига харом бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган ҳалолларидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:яъни: “Ҳалоллар нарсалар ичида Аллоҳ учун энг ёмони талоқдир”.
Имом – домлаларимиз шариатнинг ушбу ҳукмини ҳам никоҳ учун келган ёш келин-куёвларга тушунтириб қўйишлари лозим бўлади.
Оила – жамиятнинг бир бўлаги. Ушбу бўлак соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади ва гуллаб яшнайди.
Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (сав)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Биздаги оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигуликдир. Бу ҳам бўлса, ўртамизда сақланиб қолган исломга мос одоб-ахлоқ, муомала самарасидир.
Мусулмончиликда катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кириб қолган. Улкан саҳобий Анас ибн Молик Пайғамбар (сав)нинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.
Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган талоқ масалаларини мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади.
Ёшлар бизнинг келажагимиз, давлатнинг равнақи эса мана шундай соғлом авлодга боғлиқдир. Ушбу авлодга эса соғлом оналар зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: яъни: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир...”.
Демак, она фарзандини сутдан чиқаргунча навбатдаги фарзанд бўлиб қолишидан ўзини сақлаши лозим, бу эса фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом ўсиб, улғайишига сабаб бўлади. Чунки эмизикли хотиннинг бола эмизиш давридаги руҳий ва жисмоний ҳолати ҳам болага таъсир этмай қолмайди. Баъзи бир оилаларда фарзанд бир ёшга етмасидан иккинчи фарзанд туғилмоқда. Натижада нафақат бола, балки онанинг ҳам соғлиғига зарар етмоқда.
Юқорида айтганларимиз шариатимиз кўрсатмаларидан бўлиб, унга амал қилмоқ ҳар бир мусулмон учун ҳам дунёвий ҳам ухровий манфаат ҳосил бўлишига олиб келади.
Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбар (сав)нинг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин! Омин.
 
 Muslim.uz материаллари асосида
 
Х.Хонимов, Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби