Мана фазилатли жумъа кунига ҳам етиб келдик. Аллоҳ таоло бугунги куннинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга муяссар айласин!
Уламолар айтадилар: "Ким қалби шод, гуноҳлари мағфират, ғам-ташвишлардан халос бўлишни истаса, пайшанба кунининг шом вақтидан бошлаб жума кунининг шом пайтигача бўлган фурсатларда Расулуллоҳ алайҳиссаломга салавот айтишни кўпайтирсин".
Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ўзларнинг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: "Жумага ўтар кеча ва жума кундузи менга салавот айтишни кўпайтиринглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатилади", деганлар.
Ва яна Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Келинг, фазилатли кунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) салавот айтишни кўпайтирайлик ва Аллоҳ таоло барчамизга икки дунё хурсандчилигини ато қилсин!
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ъала Саййидина Муҳаммад.
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими