Дин — инсонни ҳалолликка, адолатга ва маънавий покликка етаклайдиган муқаддас қадриятдир. Уни шахсий манфаат, бойлик ёки мансаб учун шиорга айлантириш диннинг асл моҳиятига мутлақо зиддир. Афсуски, айрим шахслар ёт ғоялар таъсирига тушиб, айнан шу йўлни ўзларига мақсад қилиб олмоқда.
Бундай шахслар динни ҳақиқат манбаи сифатида эмас, балки оммани бошқариш, ишончини суистеъмол қилиш ва шахсий манфаатларини амалга ошириш воситаси сифатида кўради. Ёт ғоялар таъсири остида шаклланган бу қарашлар жамиятни бўлишга, ишончни сусайтиришга ва диннинг пок тимсолига соя солишга хизмат қилади.
Бойлик ва мансаб ортидан қувиб, диний шиорлар орқали одамларни ишонтиришга уриниш — бу на динга хизмат, на жамиятга фойда. Аксинча, бундай хатти-ҳаракатлар диннинг обрўсига путур етказади, инсонлар орасида шубҳа ва ишончсизликни кучайтиради. Чунки ҳақиқий эътиқод баланд шиорларда эмас, балки пок ният, соф амал ва тўғри ахлоқда намоён бўлади.
Тарих ҳам, ҳаёт ҳам кўрсатганки, дин ниқоби остидаги манфаатпарастлик барибир фош бўлади. Ёт ғояларга эргашиб танланган бундай йўл орқали қўлга киритилган бойлик ёки мансаб барқарор бўлмайди, чунки у адолат ва ихлосга таянмаган. Дин эса айнан шу қадриятлар устида бунёд бўлган.
Шу боис жамият сифатида биз сўзга эмас, амалга қарашимиз керак. Кимнинг гапи дин шиорлари билан безалганига эмас, кимнинг ишлари ҳалоллик, инсоф ва масъулият билан уйғун эканига баҳо бериш лозим. Динни ёт ғоялар ва шахсий манфаатлар қуролига айлантиришга қарши туриш — бу динни асраш ва жамият тинчлигини сақлашдир.
Азамат УСМОНОВ