Одам боласи учун энг азиз ва камолот ҳисобланадиган нарса ақлдир. Қуёш дунёни нурларга ғарқ қилиб тургани каби ақл ҳам инсон фикратини нурлантиради, басират кўзини очади, тўғри йўлга бошлайди.
Ақл ўзининг соҳибини энг буюк мартабаларга кўтаради. Ақлли кимсанинг суҳбатиб ҳам хуш, мажлиси ҳам кўнгилларга роҳат ва ҳасратларга таскин беради. Шу боис бундай кишиларни ҳар ким жону тани билан, ихлос билан севади.
Улуғ олимлардан бўлган бир зот уйланиш тараддудида юрган чоғида яқинлари ёшлари тенг икки қизни тавсия қилишибди: "Бировининг кўзида нуқсони бор, лекин ақлли ва иккинчисининг ақли юқори даражада бўлмасада, ғоят гўзал.Кайсини истар бўлсангиз берадилар", дейишибди. У зот: " Албатта ақллисини олурман", деган экан.
Табиий гўзаллик Аллоҳ таолонинг бир туҳфаси бўлиб, аёл ундан такаббурланмай, поклик, қаноат, тартиб- интизомга риоя этса, ҳаёти ундан- да гўзал бўлади. Агар жоиз бўлса " Ўтган кунлар" романидаги Кумуш бибини бир кўз олдимизга келтирайлик. Бокиралик бўй- басти билан уфуриб турган дуркун тани ҳаммомдан бўғриқиб чиққан, тим қора соч толалари латиф бўйнига ёпишиб турган, ҳуркак оҳудек гўзал қиздаги ҳаяжон, нақш олмадек қирмизи ёноқлари оловланиб турган шарқона аёл суврати хаёлот кўзгусида пайдо бўлади .
Ёши қайтиб қолган эса-да, қомати адл, қарашлари маъноли, бироз кибрланиш билан лабларини қимтиб, ўктам сўзлайдиган аёл- Ўзбек ойим мозийдан сизга боқиб тургандай.Қарға шойи кўйлаги устидан кийган зангор ранг мурсаги-ю, бир учи елкасига елвагай ташланган ҳарир рўмоли, ялтираган амиркон махсилари ярашиб тушган миллатимиз онасини соғинганмиз.
Табиий жамол саломат баданли, пок кўнгилли, уст- боши оддий бўлса ҳам озода, ақли саломату итоатли бўлишдан иборат қизларимизни топиш қийинлашган бир замонда яшаяпмиз. Олтину, бошқа қиммабаҳо маъданлар тупроқ остида кўмилиб ётгани каби, бизнинг ҳам тарбия беришга салоҳиятли аёлларимиз пардаланиб турадилар. Қишлоқ жойларидаги қизларга лозим даражада тарбия берилса эди, улардан Бибихоним, Зебуннисо, Нодирабегим, Увайсий сингари миллат оналари чиқар эди.
Юзу қўл, бўйинларини оқу қизил бўёқларга, сочларини сариқ, малла, қорага бўяш, ҳамда қошларини тердириш орқали эришиладиган гўзаллик гўёки ясама гулқоғозга ўхшайди. Булар саломатликка зарар етказишини хоним қизларимиз ўйлашмаяпти. Ҳатто бир кунлик тўй учун деярли ярим жарроҳлик амалиётидек оғриқли кечадиган ботексларнику қўяверинг. Ғунчадек ўймоқча лаблар шиширилиб, аллақандай ҳолатга келиб қолаяпти, қизларимиз асл ҳолатга ўхшамаяпти. Во дариғ, бунинг сўроғи, оқибати қандай кечаркан?
Эрларига гўзал кўринмоқ учун бундай бўёқларга бўялувчилар алданадилар. Чунки тарбияли йигитлар кўрадиган гўзаллик табиийлик, поклик бўлгани яхши.
Дунёда эркаклар табиатини хира қиладиган нарса ифлос юрувчи, ҳовлиси ва уйини ивирситиб, ойна қаршисида соатлаб ўзига оро бериб ўтирувчи тантиқ аёллардир.
Ҳаё инсонни барча жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган. Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Никоҳли оилаларни асраш, муқаддас қўрғон саналган оилаларда ўзаро ҳамжиҳатликни қарор топтириш ҳаммамизнинг бурчимиздир
Абу Ҳурайра ( р.а.) дан ривоят қилинади: " Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: " Уч кишига ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатини ирода қилган турмуш қурувчига ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилувчига".
Қиз, ўғиллари тарбиялию итоатли бўлишини орзу қилмаган одам бўлмаса керак. Бунинг учун энг пешқадам, олижаноб она бўлишлик аёл-қизларимизга насиб этсин.
Марям Мамаюсупова,
Косон тумани бош имом- хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари