Ўзларини Салафий деб атайдиган тоифалар “Аёлларга қабр зиёрати ҳаром” дейишади. Шу мавзудаги Ибн Бознинг фатвосида: “Аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишларини ҳаром ва зиёрат қилувчи аёллар лаънатга гирифтордирлар", дейилади.
Аҳли сунна валжамоа уламоларининг бу ҳақдаги фатволари эса ундан кескин фарқ қилади. Уларнинг фатволарига кўра қабрлар зиёрати аёл-у, эркакка мустаҳабдир.
Аҳли сунна вал-жамоатнинг фиқҳий манбаларидан бўлган “Нурул-изоҳ”да шундай дейилади:
ﻓﺼﻞ ﻓﻲ ﺯﻳﺎﺭﺓ اﻟﻘﺒﻮﺭ ﻧﺪﺏ زﻳﺎﺭﺗﻬﺎ ﻟﻠﺮﺟﺎﻝ ﻭاﻟﻨﺴﺎء
Таржимаси: Қабрлар зиёрати фасли. У (қабр)ни зиёрат қилиш эркак ва аёл учун мустаҳаб
Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида:
"كنت ﻧﻬﻴﺘﻜﻢ ﻋﻦ ﺯﻳﺎﺭﺓ اﻟﻘﺒﻮﺭ ﻓﺰﻭﺭﻭﻫﺎ..."
“Сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим, (энди) бас, у (қабр)ни зиёрат қилаверинглар...” дейилади.
Уламоларимиз ушбу ва бошқа ҳадислардаги қабр зиёратига рухсат умумий яъни аёл-у, эркакка бирдек мустаҳаб амал эканлигига далолат қилади, дейишади.
Шу ўринда шуни ҳам айтиб ўтайликки, “мустаҳаб амал” деганда “ қилса савоб, қилмаса гуноҳ эмас” маъноси тушунилади.
Хулоса қиламизки, қабрларни зиёрат қилиш аёл-эркакка мустаҳаб амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими